Литвада Иккинчи жаҳон урушидан бери яшириниб ётган хазиналар топилди
Бу қизиқ
−
11 Январь
19650Литва пойтахти Вильнюс соборининг ерости хоналаридан ўнлаб йиллар давомида яшириниб ётган тарихий хазиналар, жумладан, ўрта асрларда яшаган Европа ҳукмдорларига тегишли тожлар ва бошқа рамзий буюмлар топилди. Бу ҳақда CNN хабар берди.
Қайд этилишича, топилган буюмлар орасида Польша қироли ва Литва буюк герцоги (1461–1506 йилларда яшаган) Александр Ягеллончик учун ишланган тож бор. Шунингдек, 1436-1505 йилларда яшаган ҳукмдор Елизавета Габсбургга тегишли тож, занжир, медальон, узук ва тобут тахтачаси топилган.
Бундан ташқари, хазиналар орасида Польша қироли ва Литва буюк герцоги бўлган Сигизмунд II Августнинг хотини Барбара Радзивилл учун ишланган дафн безаклари ҳам бор. Бу буюмларга тож, шар, учта узук ва тобут тахтачалари киради. Барбара Радзивилл 1551 йилда вафот этган.
“Бу хазиналар бизнинг давлатимиз мустақиллиги рамзи ва Литва давлат тузилмаларининг узоқ тарихидан далолат берувчи бебаҳо тарихий меросдир,” деди Вильнюс архиепископи Гинтарас Линас Грушас.
Хазиналар дастлаб 1931 йилда баҳорги сув тошқинларидан кейин собор ичида олиб борилган тозалаш ишлари чоғида очилган. Ўшанда монархларнинг қолдиқлари сақланган ерости хонаси аниқланган. Буюмлар уруш бошлангунча оммага кўрсатилган, аммо 1939 йилда яширилган.
Қайд этилишича, кўп йиллик муваффақиятсиз изланишлардан сўнг тадқиқотчилар 2024 йил сентябрь ойида ерости хоналарини яна бир бор ўрганишга киришган. Декабрь ойида эндоскопик камера ёрдамида хазиналар топилган. Буюмлар 1939 йилнинг сентябрига оид газеталарга ўралган ҳолда сақланган.
“Бу хазиналар ўрганилиб, тикланади ва келажакда оммага тақдим этилади,” дейилади баёнотда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Мисрнинг Мемфис шаҳрида жойлашган Саккара некрополидан қадимги дунёга тегишли бўлган қимматбаҳо хазиналар ва саркофаг топилганди.
LiveБарчаси