Литва ҳукумати истеъфога чиқишини эълон қилди
Олам
−
23 июн 2040 2 дақиқа
Бугун, 23 июнь куни Инга Ругинене бошчилигидаги Литва коалицион ҳукумати истеъфога чиқишини эълон қилди. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамаси йиғилишида маълум қилинди.
Аввалроқ, Литва Сеймидаги энг йирик партия бўлган социал-демократлар популистик “Заря Немана” (Неман тонги) партияси билан иттифоқдан чиқишга қарор қилган ва бошқа икки сиёсий куч билан янги маҳкама тузиш бўйича келишиб олган. Ругинене маҳкамаси қарийб тўққиз ой давомида ҳокимиятда бўлди.
“Бугун оғир кун, лекин шу билан бирга, бу ўтган йилга, қандай ишлаганимизга ва қандай натижаларга эришганимизга назар ташлашимиз мумкин бўлган кундир. Мен вазирларга бир неча бор айтганман ва бугун эрталаб ҳам такрорладим: ҳозир стол атрофида ўтирган жамоадан чин дилдан мамнунман. Чунки барча қийинчиликларга қарамай, фахрланишга арзигулик ишларимиз бор ва ҳар бирингиз давлатимиз фаровонлиги ҳамда одамлар ҳаётини яхшилашга катта ҳисса қўшдингиз. ХХ ҳукуматнинг барча аъзоларига ва бутун жамоага ушбу мураккаб даврдаги биргаликдаги меҳнати, масъулияти ва қарор қабул қилишдаги қатъияти учун миннатдорлик билдирмоқчиман. Бу вақт ичида биз биргаликда бир қанча қийин қарорларни қабул қилдик, лекин ҳар доим бир мақсадни – Литвада одамлар хавфсизроқ, муносиб ва кучлироқ яшашини кўзладик. Бунинг учун ҳар бирингизга раҳмат айтаман”, дейди Ругинене.
Социал-демократлар билан янги коалицияга Литва деҳқонлар, яшиллар ва насроний оилалар иттифоқи, шунингдек, “Литва номидан” демократлар иттифоқи киради. Ҳукуматни социал-демократлар етакчиси Миндаугас Синкявичюс бошқариши кутилмоқда, унинг партияси вазирлик портфелларининг аксариятини ўзида сақлаб қолади.
Маълумот учун, Социал-демократлар 2024 йилги парламент сайловларида ғалаба қозонган эди. Улар томонидан тузилган Гинтаутас Палуцкас бошчилигидаги биринчи ҳукумат 2025 йилда коррупция можаросидан кейин истеъфога чиққан, шундан сўнг Вазирлар Маҳкамасини Инга Ругинене бошқаришга киришган эди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Латвия Бош вазири Эвика Силиня ва унинг ортидан бутун ҳукумат истеъфога чиққан эди.
Live
Барчаси