Леонид Федун “Спартак”ни Россиянинг энг катта компанияларидан бирига сотди

Спорт 5529
image

Бугун, 22 августда Россиянинг энг йирик компанияларидан бири “Лукойл” Москванинг “Спартак” клубининг 100 фоиз акцияларини сотиб олди. Шу тариқа, таниқли олигарх Леонид Федун “қизил-оқлар” президентлигини тарк этди. Бу ҳақда “Chempionat” нашри хабар берди.

Қайд этиш жоизки, тадбиркор 18 йил-у 4 ой давомида Москва клубига эгалик қилди. Яъни, Леонид Федун 2004 йил апрел ойида “Спартак”нинг назорат пакетини сотиб олган. Турли ОАВ хабарларига кўра, Федун “Спартак”ни 50 миллион доллардан 70 миллион долларгача бўлган маблағ эвазига сотиб олган.

Федун даврида "Спартак" бир марта Россия Премьер лигасида (РПЛ) чемпион бўлган, олти марта РПЛ кумуш медали соҳибига айланган ва бир марта бронза медалига сазовор бўлган. Шунингдек, “қизил-оқлар” бир мартадан Россия кубоги ва Суперкубогини қўлга киритган. Леонид Федун президентлигининг 18 йилу 4 ойида “Спартак” атиги учта совринга эга чиқди.

Маълумот учун, Федуннинг молиявий ҳолати 2019 йилда 8,7 миллиард долларга баҳоланган. Бироқ унинг маблағлари Россиянинг Украинага уруши ортидан кескин камайгани айтиляпти.

2022-2023 йилги мавсумда “Спартак” Россия чемпионатида 6 та ўйин ўтказиб, 13 очко тўплади ва мусобақа жадвалида ЦСКА билан биргаликда иккинчи ўринни бўлишиб турибди.

Маъруф Абдумаликов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 212
Рейтинг: 3
t
×