Лавров самолётига хорижда ёнилғи қуйишдан бош тортишаётганидан шикоят қилди
Олам
−
15 Ноябрь
5906Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров парвоз қиладиган “Россия” махсус парвоз отрядининг самолёти Украинада уруш бошланганидан кейин киритилган санкциялар туфайли бошқа мамлакатларда ёнилғи қуйишда муаммоларга дуч келмоқда. Бу ҳақда вазир “Новый мир” лойиҳасига берган интервьюсида маълум қилди.
Қайд этилишича, бундай қийинчиликлар, хусусан, Жанубий Африка ва Бразилияда юзага келган. У 2023 йилда Йоханнесбургдаги BRICS саммитида Россия Президенти Владимир Путин номидан иштирок этиш учун Жанубий Африкага борганида ортга қайтиш бўйича “бутунбошли воқеа” рўй берган.
“Маълум бўлишича, авиация ёнилғиси билан ишлайдиган деярли барча компаниялар Жанубий Африкага тегишли эмас”, дейди Лавров.
Унинг қўшимча қилишича, худди шундай ҳолат унинг BRICS’нинг бошқа давлати – Бразилияга ташрифи чоғида ҳам содир бўлган.
“Ёнилғи қуйишнинг иложи бўлмади. Албатта, бу одамнинг ғашига тегади”, дейди вазир.
Лавровнинг айтишича, у учинчи давлатлар иккиламчи санкциялардан қўрқса-да, у ерда чеклов чораларига риоя қилиш зарурати туфайли муқаррар равишда ўз суверенитети учун норозилик шаклланяпти ва кучайяпти.
“Дунёдаги мамлакатларнинг ярмидан кўпи санкциялар остида. Албатта, улар Россия, Шимолий Корея, Эрон ва Венесуэлага нисбатан қўлланган санкциялар каби эмас. Улар ҳозир бундай дарғазаб эканининг сабаби - Хитой Американи тез ва ишончли тарзда ортда қолдириб кетмоқда”, дейди Ташқи ишлар вазири.
Маълумот учун, Россиянинг Украинага кенг кўламли бостириб кириши бошланганидан бери Ғарб давлатлари Россия иқтисодиётининг бутун тармоқларига санкциялар жорий қилди, Европа Иттифоқи эса рус самолётлари учун ҳаво йўлларни ёпди. АҚШ, Европа Иттифоқи ва Буюк Британия томонидан Лавровга қарши шахсий санкциялар қабул қилинган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сергей Лавров 2024 йилнинг декабрь ойида Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгаши йиғилишида иштирок этиш учун Мальтага боришни режалаштираётгани хабар берилганди. Аммо Мальта элчихонаси Европа Иттифоқи томонидан Сергей Лавровга нисбатан жорий қилинган санкциялар билан боғлиқ вазиятга изоҳ бермаган.
Лавров Европа Иттифоқига охирги марта Россиянинг Украинага қарши кенг кўламли уруши бошланишидан олдин – 2021 йилнинг декабрида Швеция пойтахти Стокгольмда бўлиб ўтган ЕХҲТ вазирлар кенгаши йиғилишида иштирок этганида борган эди.
LiveБарчаси