Лавров Рубио билан учрашиб, Украина масаласини гаплашди
Олам
−
15:44 2228 2 дақиқа
Бугун, 23 июль куни АҚШ Давлат котиби Марко Рубио Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан Маниладаги ASEAN йиғилиши доирасида ўтказилган музокаралардан сўнг Вашингтон Украинадаги урушни тугатишга кўмаклашиш учун “конструктив роль” ўйнашга тайёрлигича қолаётганини билдирди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Рубионинг айтишича, АҚШ Президенти Дональд Трамп имконият пайдо бўлса, Вашингтон “маъносиз уруш”ни тугатишга кўмаклашишга тайёрлигини аниқ билдирган. Унинг сўзларига кўра, АҚШ бу позицияни Москвага ҳам етказган, аммо музокаралар чоғида Россиянинг позициясига баҳо беришдан тийилган.
“Яхши ва очиқ мулоқот бўлди”, деган Рубио Лавров билан учрашув ҳақида.
Шу билан бирга, у муҳокама қилинган масалалар тафсилотларини очиқлашдан бош тортган.
“Президент аниқ айтганидек, Қўшма Штатлар маъносиз урушни тугатишга ёрдам бериш учун конструктив роль ўйнашга тайёр ва биз бунга тайёрмиз”, деган Рубио.
Россия Ташқи ишлар вазирлиги баёнотига кўра, Лавров Россиянинг можарони сиёсий ва дипломатик йўл билан ҳал қилишга тайёрлигини яна бир бор тасдиқлаган. Шунингдек, у Москва 2025 йил август ойида Аляскада Президентлар Дональд Трамп ва Владимир Путин учрашувида илгари сурилган таклифларга содиқ қолишини Рубиога маълум қилган.
Рубио уруш катта йўқотишларга сабаб бўлганини, жумладан, тинч аҳоли қурбонлари ва Россиянинг Киевга зарбаларига ишора қилган. Унинг билдиришича, Россия ҳам, Украина ҳам урушни тугатишдан манфаатдор, аммо асосий муаммо ҳар икки томон қабул қила оладиган ечимни топиш бўлиб қолмоқда.
“Бу жуда қонли уруш, деб ўйлайман. Менимча, ҳар икки томонда ҳам уни тугатиш учун манфаат бўлиши керак. Муаммо шундаки, ҳар икки томон қабул қила оладиган ечимни топиш осон эмас. Биз бунга уриниб келяпмиз ва ўрта йўлни топишга уринишда давом этамиз”, деган АҚШ Давлат котиби.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 5 май куни Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ва АҚШ Давлат котиби Марко Рубио телефон орқали сухбатлашиб, Украинадаги вазиятни муҳокама қилганди.
Live
Барчаси