Лавров Рубио билан Эрон ва Украинадаги вазиятни муҳокама қилди
Олам
−
06 Май 1825 2 дақиқа
Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ва АҚШ Давлат котиби Марко Рубио телефон орқали гаплашди. Бу ҳақда кеча, 5 май куни Россия Ташқи ишлар вазирлиги ва АҚШ Давлат департаменти маълум қилди.
Бу сўнгги ярим йилдан ортиқ вақт ичида уларнинг биринчи мулоқоти бўлди. Улар Украина ва Эрон масалаларини муҳокама қилди.
Россия ТИВ баёнотига кўра, томонлар халқаро вазият ва Россия–АҚШ муносабатларидаги ҳозирги ҳолат бўйича “фикр алмашиш (ҳолатни солиштириш)” ўтказган, шунингдек икки томонлама алоқалар жадвалини ҳам муҳокама қилган.
АҚШ Давлат департаменти вакили Томми Пигготтнинг айтишича, телефон қўнғироғи Россия ташаббуси билан бўлган. Лавров ва Рубио АҚШ–Россия муносабатлари, Россия–Украина уруши ҳамда Эрон атрофидаги вазиятни муҳокама қилишган.
Лавров ва Рубио охирги марта 2025 йил 20 октябрда телефон орқали гаплашган эди. Ўша пайтда улар Украинадаги ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш бўйича мумкин бўлган чораларни ҳамда Владимир Путин ва Дональд Трамп иштирокида Будапештда ўтиши режалаштирилган, аммо амалга ошмаган Россия–АҚШ саммитини муҳокама қилган эди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Давлат котиби Марко Рубио АҚШ томонидан Эрон ҳудудида ўтказилган “Эпик ғазаб” номли ҳарбий операция якунланганини маълум қилганди. У “Озодлик лойиҳаси” операцияси давом этаётганини билдирдган.
Орадан бироз вақт ўтиб эса АҚШ Президенти Дональд Трамп Ҳормуз бўғозида кемаларни кузатишга асосланган “Озодлик лойиҳаси” вақтинча тўхтатилганини айтганди.
Live
Барчаси