Лавров Озарбайжон-Арманистон орасидаги транспорт йўлларини блокдан чиқаришга уриниб кўради
Олам
−
19 Май 2023
3604Келгуси ҳафтада Озарбайжон ва Арманистон орасидаги транспорт коммуникацияларини блокдан чиқариш бўйича уч томонлама ишчи гуруҳи йиғилиши бўлиб ўтади. Бу ҳақда Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров озарбайжонлик ва арманистонлик мавқедошлари билан музокаралар якунлари бўйича эълон қилган баёнотида маълум қилди.
“Кейинги ҳафтада транспорт коммуникацияларини блокдан чиқариш масалалари бўйича Бош вазир ўринбосарлари бошчилигидаги уч томонлама гуруҳнинг йиғилиши бўлиб ўтади. Натижа ижобий бўлади, деган умиддамиз. Томонлар якуний келишувга аллақачон яқинлашиб қолган”, деган россиялик вазир.
Унинг сўзларига кўра, томонлар яқин вақт ичида Россиянинг маслаҳатлашув иштирокида чегарани делимитация ва демаркация қилиш бўйича икки томонлама комиссия йиғилишини ўтказишга келишиб олган.
Шунингдек, Лавров Россия Федерацияси Арманистон ва Озарбайжон ўртасидаги муносабатларни янада нормаллаштиришга кўмаклашиш ниятида эканига ишонтирган.
Лавровнинг айтишича, Арманистон ва Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлари Қорабоғдаги хавфсизлик ҳолати яхшиланмаса, тинчлик шартномаси устида ишлаш қийин бўлишини таъкидлаган.
Россия Ташқи ишлар вазирининг қўшимча қилишича, Арманистон ва Озарбайжон Москвадаги музокараларда тинчлик шартномаси мавзусида ўзаро тушунишни яқинлаштиришга муваффақ бўлган.
Эслатиб ўтамиз, шу ой бошида Озарбайжон Ташқи ишлар вазири Жайҳун Байрамов ва Арманистон Ташқи ишлар вазирлари Арарат Мирзоян Вашингтон чеккасида АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен воситачилигида учрашиб, Ереван ва Баку ўртасидаги муносабатларни нормаллаштириш бўйича келишувга оид навбатдаги муҳокамалар раундини ўтказганди. Май ойи ўрталарида эса икки давлат етакчилари Президент Илҳом Алиев ва Бош вазир Никол Пашинян Европа Кенгаши раҳбари Шарль Мишель воситачилигида Брюсселда учрашди. Шарль Мишель Баку ва Ереван Озарбайжоннинг Нахчиван Мухтор Республикаси билан сегментда темир йўл алоқасини тиклаш масаласи бўйича келишувга яқин турганини айтди. Орадан кўп ўтмай, Пашинян Россия етакчиси Владимир Путин воситачилигида 25 май куни Москвада Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев билан музокаралар ўтказишини айтди.