Латвияда 9 майни байрам қилиш тақиқланди
Олам
−
21 Апрель 2023
4640Кеча, 20 апрель куни Сейм (Латвия парламенти) “9 май куни айрим оммавий тадбирларни ўтказишни тақиқлаш тўғрисида”ги қонунни икки ўқишда қабул қилди.
Эндиликда Латвияда 9 май куни ҳар қандай оммавий тадбирлар тақиқланди, бу ҳақда маҳаллий “Дельфи” нашри хабар берди.
Сейм 9 майни Украинадаги урушда ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганларни хотирлаш куни деб эълон қилиши тахмин қилинган. Бироқ Инсон ҳуқуқлари ва жамоатчилик билан алоқалар комиссияси муқобил лойиҳа тайёрлаган ва у шошилинч равишда қабул қилинган.
Аннотацияга кўра, қонуннинг мақсади давлат ва жамият манфаатларини ҳимоя қилиш, тартибсизликларнинг олдини олиш, жамият саломатлиги ва маънавиятини муҳофаза қилишдан иборат. Бундан ташқари, қонун Латвиянинг демократик ва миллий давлат сифатидаги қадриятларига таҳдид ва камситиш, шу жумладан, жамиятни бўлиш, уруш, ҳарбий тажовуз, тоталитаризм ва зўравонликни улуғлаш, шунингдек, тарихий воқеаларни бузиб кўрсатилишининг олдини олишга қаратилган. Бундан ташқари, мазкур қонун Украина халқи билан бирдамлик белгиси сифатида қабул қилинган.
Қонунда Латвиянинг бутун ҳудудида 9 май куни (бутун кун давомида) ва 10 май куни эрталаб соат 7 га қадар пиротехника воситаларидан фойдаланиш тақиқланади. Очиқ осмон остидаги жамоат жойларида байрам ва кўнгилочар тадбирлар, юришлар, йиғилишлар ва пикетлар ўтказиш тақиқланади. Агар бундай ҳодисалар муниципалитетдан рухсат олишни талаб қилса, у бундай рухсатномаларни беришга ҳақли эмас.