Кўзи кўкарган аёллар Ўзбекистонда гендер тенглик белгисими? Сўз Сайёра Хўжаевага
Интервью
−
06 Декабрь 2019
10980Ўзбекистон гендер тенгликка оид – "Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида"ги қонунни қабул қилишга бошқа мамлакатларга қараганда анча кечикди. “Бу йил Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий иродаси билан 15 йилдан буён Олий Мажлисда ётган ушбу қонун қабул қилинди ва бу мамлакат учун муҳим қадам”, дейди Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти директори, юридик фанлари номзоди, Адлия полковниги Сайёра Хўжаева.
2017 йили қизлар бошланғич таълим соҳасида 50%ни, ўрта мактабда эса 54%ни ташкил этган. 2018 йилдаги статистик маълумотга кўра, олий таълим соҳасида хам хотин-қизлар сони ортган ва талабаларнинг 40% хотин-қизлар бўлган, бу 2011 йилдаги кўрсаткичдан 36% кўп демакдир. Хотин-қизларнинг саводхонлик даражаси эса 99,98%ни, яъни дунёдаги энг юқори кўрсаткичардан бирини ташкил этади. Ўзбекистон бундан фахрланса арзийди. Бироқ, бу тўлиқ натижага эришдик дегани эмас.
Гендер тенглик ҳали оилаларга, тўрт девор орасига кириб бора олганича йўқ. Бунга эса вақт керак. Маҳаллий шароит, қадриятлар, аёл ва эркак, оила муносабатларидаги мавжуд ёзилмаган қонунлар Ўзбекистонда гендер тенглиги йўқ ёки Ўзбекистонда гендер тенглиги – ишга кўзи кўкариб борган аёл тимсолида, деб жар солишга асос бўлолмайди.
Хўш, бу борада ҳуқуқ ҳимоячилари нима дейди? Сўз Сайёра Хўжаевага.
“Гендер тенглик тўғрисидаги қонуннинг қабул қилиниши Ўзбекистон, жамият учун катта ва муҳим қадам бўлди. 15 йил Олий Мажлисда ётган қонун фақат Президентимизнинг сиёсий иродаси туфайли дунё юзини кўрганини биз байрам деб ҳисобладик. Президентимиз ҳам айтганларидек, қонунни қабул қилиш 50 % иш. Қолган 50 %и тарғибот ва унинг ижроси билан.
Лекин бир нарсани айтмоқчиман: жамият ҳали тайёр эмас. Гендер сўзи кўпчиликни, айрим олим, юқори савияли эркакларимизни ҳам чўчитяпти. Ҳеч керак эмас эди гендер тенглиги, бекор қабул қилинди деган гапларни ҳам эшитдик. Айтмоқчиманки, агар юқори савияли, интеллектуал салоҳияти кучли эркакларимиз шундай деса, оддий одамларимиздан нима кутишимиз мумкин. Чунки, халқимизнинг 60 %и қишлоқларда яшайди. Шунинг учун ҳам халқаро ташкилотларнинг кўзи кўкарган аёл Ўзбекистоннинг юзи деб айтаётгани факт деб ўйлайман.
Биз ҳам нодавлат ташкилотмиз. Қаерга бормасак, тарғибот қиляпмиз. Эркаклар билан фақат аёллар эмас, эркаклар ҳам мулоқот қилиб, тушунтириши керак. Мен ўйламанки, бу қонунни ҳаётга тадбиқ этишимизга ҳали анча вақт керак бўлади”, дейди Сайёра Хўжаева.
Аёл жамиятда раҳбар лавозимида ишлагани, унинг ҳуқуқлари ҳимоялангани, ҳатто, эркакларни бошқаргани билан, уйда оддий аёл – она, рафиқа. Оилаларда гендер тенгликни таъминлаш масаласи эътибордан четда қолмаганми?
“Ҳамма оилалар бир хил эмас. Ўқиган, салоҳиятини кенг оилалар ўзаро муносабатлардаги тенгликни тушунади. Лекин кўпчилик аҳолимиз қишлоқдалигини инобатга олсак, ҳали тайёр эмасмиз. Аммо, ўтирсак, ўтираверамиз. Минг раҳмат, шу қонун қабул қилинди. Шунинг учун энди биз бу қонунни тарғибот қилиб, чайнаб, одамларга тушунтириб, моҳиятини етказишимиз керак. Гендер – бу фақат аёлларни раҳбарлик лавозимига ўтказдик, дегани эмас. Бунда эркак ва аёллар тенг имкониятларга эга бўлиши керак”.
Ўзбекистонда гендер тенгликка дахл қилувчи бир қатор омиллар мавжуд. Бу ҳам бўлса аёлларнинг ўзи. Бу биргина қайнона-келин муносабатларида намоён бўлади. Хўш, экспертлар бу ҳақда қандай фикрда?
“Стереотип. Бу йиллар давомида шаклланиб келган. Яқинда сенатор опамиз Мақсуда Ворисова ижтимоий тармоқда тўйлар масалаларидаги мақолаларини эълон қилдилар. Лекин мен уларга 102 йил аввал қабул қилинган ҳужжатни кўрсатдим. Кечирасиз, ҳали ҳам ўша муаммо. Ўша-ўша чорлар, дастурхонлар, тўй масалалари... Бу бир-икки йилда ўзгарадиган масала эмас. Стереотипларни ҳам синдириш керак”, деб сўзига якун ясайди ҳуқуқ фаоли.
LiveБарчаси