Кутилмаган “лотарея”: Венесуэлада 11 минг маҳкум озодликка чиқади
Олам
−
14:48 2718 2 дақиқа
Венесуэлада янги амнистия қонуни қабул қилингач, 1 557 нафар сиёсий маҳкум озодликка чиқиш учун ариза топширган. Бу ҳақда Миллий ассамблея раиси Хорхе Родригес маълум қилган, деб ёзмоқда BBC.
Мулозимнинг айтишича, аризалар “зудлик билан” кўриб чиқилмоқда ва юзлаб маҳкумлар аллақачон озод этилган. Қонун якунда 11 минг нафар махбусни қамраб олиши мумкин.
Амнистия ташаббуси 8 январь куни, собиқ президент Николас Мадуро 3 январда қўлга олинганидан бир неча кун ўтиб эълон қилинган. АҚШ Венесуэлани сиёсий маҳкумларни озод қилиш жараёнини тезлаштиришга чақирган. Ҳукумат эса мамлакатда сиёсий маҳкумлар сақланмаётганини таъкидлаб келади.
Амнистия қонуни айрим маҳкумларни қамраб олмаслиги мумкин. Хусусан, хорижий ҳарбий аралашувга чақирганлар ундан четда қолиши ҳақида танқидлар бор. Шунингдек, аввалги исёнларда қатнашган айрим ҳарбийлар ҳам имтиёзлардан маҳрум бўлиши мумкин.
Родригеснинг билдиришича, озод этиш жараёни аввало Каракасдаги Эль Ҳеликоиде қамоқхонасидан бошланади ва у ердаги маҳкумлар “яқин соатларда” чиқарилиши мумкин.
Мадуро эса АҚШда ҳибсда сақланмоқда ва унга қўйилган гиёҳванд моддалар ҳамда қурол айбловларини рад этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Венесуэлада сиёсий вазият кескинлашган бир пайтда Куба хавфсизлик маслаҳатчилари ва шифокорлари мамлакатни тарк эта бошлагани айтилган эди. Бир нечта манбаларга кўра, Вашингтон босими кучайгани ортидан Каракас ва Гавана ўртасидаги кўп йиллик стратегик иттифоқ сўроқ остига тушган.
Live
Барчаси