Қозоқ спортчиларининг Осиё ўйинларидаги иштирокидан Тўқаевнинг кўнгли тўлмади
Спорт
−
11 Октябрь 2023
14623Қозоғистон Президенти Қосим Жомарт Тўқаев шу йилнинг 23 сентябридан 8 октябрига қадар Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида бўлиб ўтган XIX ёзги Осиё ўйинлари ғолиб ва совриндорларини қабул қилди ва охирги йилларда қозоқ спортидаги ўзгаришлар, камчиликлар ва келгусида қилиниши керак бўлган ишлар юзасидан баёнот берди.
Давлат раҳбари Осиё ўйинлари совриндорлари билан учрашувда қозоғистонлик спортчиларнинг эришган натижаларини юқори баҳолади, бироқ натижалар янада яхшироқ бўлиши мумкинлигини айтиб ўтди.
Қозоғистонлик спортчилар қитъанинг энг нуфузли спорт турнирида 10 олтин, 22 кумуш ва 48 бронза, жами 80 та медални қўлга киритди, бироқ бу кўрсаткич Қозоғистоннинг Осиё ўйинларидаги энг ёмон натижаси ҳисобланади. Медаллар ҳисобида Қозоғистон кучли ўнликка кира олмади ва 11-ўринни эгаллади.
“Умуман олганда, мамлакатимизнинг аввалги Олимпия ўйинларидан ҳам, Осиё ўйинларидан ҳам кўрсаткичи яхшироқ бўлиши мумкин эди. Бу масалаларни ҳали муҳокама қиламиз. Бокс, оғир атлетика, эркин ва юнон-рум кураши бўйича иштирок этган спортчиларимизнинг кўпроқ медал жамғаришда ҳиссаси катта. Енгил атлетика ва жамоавий спорт турлари ҳам мухлисларимизни хурсанд қилди. Кўплаб спорт турларида қилинган хатолар устида жиддий иш олиб боришимиз керак”, дейди Тўқаев.
Шунингдек, Тўқаев тадбирда мамлакат Туризм ва спорт вазирлиги, Миллий Олимпия қўмитаси (МОҚ) ва спорт федерациялари фаолиятини танқид остига олди.
“Профессионал спортдаги натижаларимиз давлат ресурсларидан фойдаланиш самарадорлиги ниҳоятда пастлигидан далолат беради. Бу ҳолатга йўл қўйиб бўлмайди, соҳада туб ислоҳотларни амалга ошириш зарур. Тегишли вазирлик вазиятни атрофлича таҳлил қилиб, ривожланиш бўйича янги қарашларни ишлаб чиқиши керак. Туризм ва спорт вазирлиги, Миллий Олимпия қўмитаси ва федерациялар ўртасида мувофиқлаштириш йўқ. Спортни бошқариш институтлари фаолияти ва ўзаро ҳамкорлигининг бутун тизимини имкон қадар тезроқ қайта кўриб чиқиш зарур. МОҚ фаолиятини ҳам такомиллаштириш. эътиборни талаб қилади”, дейди президент
Қозоғистон Президенти яқин келажакда мамлакат спортида амалга оширилиши лозим бўлган аниқ чора-тадбирларга тўхталди. Унинг сўзларига кўра, биринчи навбатда, элита спортига ажратилаётган маблағлар даромадини тубдан ошириш зарур. Ҳудудларнинг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда аниқ спорт турларига эътибор қаратиш керак. Бундан ташқари, у айни пайтда соҳани молиялаштириш моделини қайта кўриб чиқиш, асосий эътибор оммавий спорт ва жисмоний тарбияни ривожлантиришга қаратилишини айтиб ўтди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь