Кумушдан тортиб Алпомишгача: сунъий интеллект ўзбек адабиёти қаҳрамонларининг қиёфаларини яратди
Бу қизиқ
−
28 Март 2023
14558Сўнгги вақтларда жадаллик билан ўсиб бораётган сунъий интеллект технологияси кўплаб янги имкониятларни яратди. Жумладан, унинг воситасида, бадиий асарлар қаҳрамонларига берилган таърифлар асосида уларнинг ҳаётийга жуда яқин бўлган суратлари яратилмоқда. Куни кеча Midjourney Artificial Intelligence мустақил тадқиқот лабораторияси томонидан шундай суратлардан бир нечтаси эълон қилинди.
Twitter ижтимоий тармоғининг ўзбек сегментида, айниқса, Абдулла Қодирийнинг "Ўткан кунлар" романи қаҳрамонларининг сунъий интеллект ёрдамида яратилган сиймолари катта қизиқиш билан кутиб олинди. Тармоқда асар бош қаҳрамонлари – Отабек, Кумуш ва Зайнабнинг суратлари тарқалди.
Романда Отабекка шундай таъриф берилади: "Оғир табиатлик, улуғ ғавдалик, кўркам ва оқ юзлик, келишган, қора кўзлик, мутаносиб қора қошлиқ ва эндигина мурти сабз урган бир йигит. Бас, бу ҳужра бино ва жиҳоз ёғидан, ҳам эга жиҳатидан диққатни ўзига жалб этарлик эди. Қандоғдир бир хаёл ичида ўлтурғучи бу йигит Тошканднинг машҳур аъёнларидан бўлған Юсуфбек ҳожининг ўғли – Отабек".
Кумушнинг қиёфаси тасвири қуйидагича: "Унинг қора зулфи пар ёстиқнинг турлик томониға тартибсиз суратда тўзғиб, қуюқ жинггила кипрак остидағи тимқора кўзлари бир нуқтаға тикилганда, нимадир бир нарсани кўрган каби... қоп-қора камон, ўтиб кеткан нафис, қийиғ қошлари чимирилганда, нимадир бир нарсадан чўчиган каби... тўлған ойдек ғуборсиз оқ юзи бир оз қизиллиқға айланганда, кимдандир уялған каби... Шу вақт кўрпани қайириб ушлаган оқ нозик қўллари билан латиф бурнининг ўнг томонида, табиъатнинг ниҳоятда уста қўли билан қўндирилған қора холини қашиди ва бошини ёстиқдан олиб ўлтурди. Сариқ рупоҳ атлас кўйнакнинг устидан унинг ўртача кўкраги бир оз кўтарилиб турмоқда эди. Туриб ўлтургач бошини бир силкитдида, ижирғаниб қўйди. Силкиниш орқасида унинг юзини тўзғиған соч толалари ўраб олиб жонсўз бир суратка киргизди. Бу қиз суратида кўринган малак қутидорнинг қизи — Кумушбиби эди".
Кумушнинг кундоши Зайнаб образи эса шундай тасвирланади: "Зайнаб қисқа бўй, гўштдор ва оқ танлик эди. Хушрўйнинг ҳаракати енгил ва лавзи тез эди. Зайнаб лоппос ва ўнта сўзга аранг битта жавоб қайтарадирған эди. Хушрўйнинг кўзи ўйнаб, ҳар секунтда ўн ёққа аланғлар эди. Синглиси бўлса бирав билан бетма-бет келиб сўзлашқанида ҳам кўзини ҳамиша бир нуқтадан узмас эди".
Twitter фойдаланувчилари асар қаҳрамонларининг сунъий интеллект ёрдамида яратилган суратлари юзасидан турли фикрларни билдирди. Кимдир суратлар жуда ҳаётий чиққанини ёзган бўлса, бошқалар уларни қайсидир машҳур актёрга ўхшатди. Хусусан, дастлаб, Президент Администрацияси Алоқа ва ахборот сиёсати бўлими етакчи маслаҳатчиси Ҳикматилла Убайдуллаев ўз саҳифасида Кумушнинг суратини улашди. Журналист ва блогер Азиза Қурбонова эса уни Ёшлар ишлари агентлиги раҳбари ўринбосари Дилнозахон Каттахоновага ўхшатган.
Абдулазиз исмли фойдаланувчи асарда берилган таърифлар унинг суратидан кўра гўзалроқ эканини таъкидлаган бўлса, бошқа фойдаланувчилар суратдаги Кумушнинг холи йўқлигига эътибор қаратган.
Отабекнинг суратини эса Аҳмад Собитов исмли фойдаланувчи жойлаган.
Темурбек Тоштемиров сурат остида қолдирган изоҳида уни актёр Беҳзод Муҳаммадкаримовга ўхшатган. Бошқа фойдаланувчилар уни яна бир актёр Жюд Лоуга қиёслаган бўлса, баъзилар, ҳатто, суратда Абдулла Қодирийнинг ўзини кўрган.
Отабекнинг сурати остидаги изоҳларда асар бош қаҳрамонларидан бири Зайнабнинг ҳам сурати келтирилган.
Сунъий интеллект "ижоди"даги суратлардан яна бири машҳур достон қаҳрамони Алпомиш. Замонавий технология ёрдамида унинг 7 ёшдаги сиймоси яратилган.
Шунингдек, сўнгги хабарларга кўра, "Midjourney" сунъий интеллекти ёрдамида янги лойиҳа йўлга қўйилган. Унда ушбу замонавий усул орқали Бобур хотиралари тасвирланмоқда. Қуйида суратлардан бир нечтасини тақдим этамиз:
Нодиржон Мадаминов
LiveБарчаси