“Кулишади, аммо мен яшашда давом этаман”. Оғир қисмат қаддини бука олмаган қиз ҳикояси

Олам 7748
image

Қозоғистонлик Ярославанинг ҳикояси киши кўнглини ларзага солади. Ҳаёт машаққатларини бошидан эрта кечирган 17 ёшли бу қиз кенг билимга ва қатъий иродага эга. У оғир қисматини шараф, дея қабул қилган.

Яқинда қиз билан бўлган суҳбатда Ярослава шифокорлар унга қандай нотўғри ташхис қўйишгани, нима учун отасини қидираётгани ва мактаб вақтидаги хотираларини айтиб берди.

Ўзгача чақалоқ ва изсиз ғойиб бўлган ота

Ярослава Қозоғистоннинг шимоли-ғарбий қисмида – Қўстанай шаҳрида яшайди. Қиз оилада узоқ кутилган бола эди. Аммо, афсуски, унинг туғилиши ота-онасининг ажралишига олиб келди. Ота бундай синовни кўтара олмади ва хотинини янги туғилган чақалоғи билан ташлаб кетди.

"Дадам бизни туғуруқхонада қолдирганида, у менинг ўзгача эканлигимни билди. Бир неча ойдан кейин пайдо бўлди, онамга тагликлар учун бир оз пул берди", дейди қиз.

Онаси Екатерина Олейник қизини ёлғиз ўзи тарбиялади. Ярослава катта бўлганида, у дадасини топишга ҳаракат қилди ва у муваффақиятга эришди ҳам. Қиз отасини ижтимоий тармоқлардан қидирди ва дадасига бир неча бор хат ёзди. Бироқ унинг барча ҳаракатлари зое кетди, жавоб бўлмади.

Ярослава ҳақиқатан ҳам отаси билан гаплашишни, унинг ишлари қандайлигини билишни исташини тан олади. Мактабдаги дарсларда ҳатто 3 баҳо олмаганини, 9-синфдан кейин қишлоқ хўжалиги коллежига ошпаз сифатида ўқишга кирганини айтишни хоҳлайди.

Айтганча, Ярослава бу мутахассисликни тасодифан танламаган. Унинг бувиси – ажойиб ошпаз. Шу сабаб қиз оилавий сулолани давом эттиришга қарор қилди, қариндошларини мазали таомлар билан сийлади.

Мактаб даври хотиралари

Суҳбат давомида Ярослава мактабдаги дўстлари ва танишлари унинг ўзига хос ташқи кўринишига қандай муносабатда бўлганлиги ҳақида очиқ гапирди.

"Бу жуда кулгили эди, айниқса, қуйи синфларда. Ошхонада доим болаларнинг нигоҳи менда бўларди. Улардан бири келиб: “Сенга нима қилди?”, деб сўради. Мен унга “Фиксики” мультфильмида ишлатилган ибора билан жавоб қайтардим – “Бу катта сир!”, дея эслайди қиз.

Яхшиямки, тенгдошлари Ярославани ҳеч қачон хафа қилишмаган. Аксинча, улар қизни қўллаб-қувватлашган ва ҳар доим руҳиятининг кучига қойил қолишган.

Шифокорларнинг нотўғри башорати

Ёш хонанданинг сўзларига кўра, маҳаллий шифокорлар унинг атиги бир-икки ой умри қолганини айтган. Бироқ Ярослава яшаб қолди. Ҳозир қиз 17 га кирди. Кўплаб синовларга ва жиддий жарроҳлик амалиётларига қарамай, қозоғистонлик қиз тушкунликка тушмади ва порлоқ келажакка ишонади.

"Мен жуда кўп жарроҳлик амалиётини бошимдан ўтказдим. Ринопластикадан тортиб уранопластика операцияларини ҳам кўрдим... Энди бурнимнинг имплантацияси учун реконструктив ринопластика керак.

Нафас олишда муаммоларим бор, баъзида тунда бўғилиб чиқаман... Шифокорлар кўзларимга тегишмайди: чап кўзимдаги асаб толалари жуда майдалиги сабаб уни ҳеч нарса қилиб бўлмас экан. Лекин мен ўнг кўзим билан яхши кўраман", деди қиз.

Айни пайтда унинг оиласи Ярославага керак бўлган қиммат операция учун маблағ йиғмоқда. Қизнинг онаси фаррошлик қилиб, оз миқдорда маош олади. Шунинг учун улар саҳоватпеша одамлардан ёрдам сўрашларига тўғри келмоқда.

Ярославанинг ўзи онасига ҳар томонлама ёрдам беришга ҳаракат қилмоқда. 2017 йилда у Instagram’да блог очди. У ерда ўзини янги мусиқачи, деб эълон қилди. Ижтимоий тармоқлар орқали қизга ёрдам беришмоқда ва унга молиявий кўмак кўрсатишмоқда.

Унинг режалари...

Суҳбат якунида Ярослава ўзининг келажак режалари билан ўртоқлашди. Қиз ўн йил ичида ҳақиқий артист сифатида катта саҳнага чиқишни орзу қилишини тан олди.

Бундан ташқари, қиз турли мамлакатларга саёҳат қилиш ва янги одамлар билан ўртоқлашишни орзу қилади.

Ярославанинг дўстлари кўп эмас, аммо борлари ҳам унга ҳақиқий дўстлардир.

Қиз ўз блогида мусиқий ижодидан ташқари, ўз фикрлари ва ҳис-туйғулари билан ўртоқлашади.

"Карантин пайтида миямдаги барча кераксиз маълумотларни ўчириб ташладим. Психология бўйича китобларни ўқидим, саҳифамни ёпдим, “ВКонтакте”даги каверларимни ўчириб ташладим. Ўз-ўзимга фақат менга қизиқарли бўлган нарсалар билан шуғулланаман, деб ваъда бердим. Ҳаётни кенг кўламда ўргана бошладим.

Булар жуда қисқа ишлар, аммо уларнинг барчаси менинг фойдамга хизмат қилмоқда. Каверлар ҳақиқатан ҳам камроқ бўлади, чунки ҳозир мен ушбу босқични бироз тўхтатмоқчиман (ҳеч бўлмаганда карантин тугагунига қадар). Кўпроқ шеърият, мулоқот, маданият ва эстетикага диққатимни қаратмоқчиман”, деди қиз.

Бундан ташқари, Ярослава даволаниш жараёни ҳақида мунтазам равишда гапиради. Ғамхўрлик қилаётган барчага самимий миннатдорчилик билдиради.

"Барчага салом. Мен сизга ташаккур айтмоқчиман. Чунки сизсиз ҳамон қўлларимни қовуштириб ўтирган бўлардим. Кўп одамлар, бу вақт ичида нима қилганимизни ва қандай қилганимизни билишга қизиқмоқда. Шуни айтишим мумкинки, менинг касаллигимга ихтисослашган шифохоналардан бирини топдик. Берлинда менга зарур жарроҳлик амалиётларини қилишар экан”, деди Ярослава. 

Онаси билан суҳбатдан сўнг, у ушбу операциядан қўрқишини айтди. 

“Нима учун? Чунки мен бошқача бўламан. Характердан ҳеч нарса ўзгармайди, фақат ташқи кўриниш ўзгаради. Ва ўз-ўзимга ваъда бердимки, агар улар бу операцияни бажаришса, ўзим тайёр бўлмаганумча бинтларни ечмайман (ҳеч бўлмаганда ойнага ва камерага қарамайман).

Кулишади, аммо мен шифохоналарга сўровлар юборишда давом этаман. Ухламайман, бошқа нарса ҳақида ўйламайман, лекин буни имкон қадар тезроқ қилишга тайёрман. Ҳаммани яхши кўраман ва қучаман”, дейилади Ярославанинг сўнгги постларидан бирида.

"Сен ажойиб мотиваторсан!”

Унинг Instagram'даги саҳифасида 6000 дан ортиқ обуначи бор ва бу рақамлар ўсиб бормоқда. Унга аъзо бўлганлар ёш қўшиқчинининг ғайрат-шижоати, иродаси ва хушчақчақлигига қойил қолган ҳолда уни қўллаб-қувватламоқда.

"Сен ажойиб мотиваторсан! Сен коуч-тренер бўлишинг керак!!! Кучли энергия, раҳмат", "Бу мен эшитганларнинг энг яхшиси, чиндан ҳам ақлли", "Сен қандай ажойибсан! Умидсизликка тушма", деб ёзади унинг обуначилари. 

Сарвар Анвар ўғли
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 143
Рейтинг: 3.1
Теглар
t
×