Кулдириб юриб, йиғлатиб кетган “Mittivine”

Жамият

“Mittivine” тахаллуси билан танилган, Instagram’да 1,1 миллион обуначиси бўлган блогер Фарҳод Маннопов 5 мартга ўтар кечаси вафот этди. Бу ҳақда ижтимоий тармоқларда унинг дўстлари маълум қилди. Маннопов 27 ёшда эди, у оиланинг ёлғиз ўғил фарзанди бўлган.

Маълумотларга кўра, у бир неча кун аввал бассейнда боши ва бурнидан жароҳат олган. Шундан сўнг, ушбу жароҳат устидан операция ўтказилган. Операциядан кейин у кома ҳолатидан чиқа олмаган.

Марҳумнинг дафн маросими кеча, 5 март куни Аср намози вақтида бўлиб ўтди. Жанозада 10 мингдан ортиқ одам қатнашгани айтилмоқда.

Бугун, 6 март куни Бош Прокуратура Блогер Фарҳод Манноповнинг ўлими юзасидан Жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди.

“Ҳолатга алоқадор шахсларни батафсил сўроқ қилиш, кўп вақт талаб қилинадиган мураккаб экспертизалар тайинлаш ва бошқа бир қатор тергов ҳаракатларини ўтказмасдан қонуний тўхтамга келиш имкони йўқлиги сабабли Жиноят кодексининг 116-моддаси (Касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик) 4-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилди”, дейди Бош прокуратура матбуот котиби.

Қайд этилишича, тергов ўтказиш йўли билан қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади.

Фарҳод Маннопов Тошкентдаги хусусий клиникалардан бирида операция қилинган.

Малакали шифокор мутаҳассисларнинг маълум қилишича, боши ва бурнидан оғир шикастланган беморларнинг жароҳатлари битиб, таҳлил натижалари ижобий кўрсаткич бергунча операция қилиш мумкин эмас. Фарҳод Маннопов бассейнда орттирган тан жароҳатидан кўп ўтмай операция қилинган. Кўплаб маълумотларга кўра, у тўлиқ таҳлилдан ўтказилмаган бўлиши мумкин.

Айримларнинг айтишича, Фарҳод Маннопов 36 соат яъни 1,5 сутка давомида кома ҳолатида бўлган. Унинг комага тушишиши кўп миқдорда наркоз берилгани билан боғланяпти. Ҳозирча бу ҳақда расмий маълумотлар мавжуд эмас.

QALAMPIR.UZ жамоаси марҳумнинг яқинларига чуқур ҳамдардлик билдиради.


Мақола муаллифи

Теглар

SSV Farhod Mannopov

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made

Мавзуга доир янгиликлар