“Крокус” терактидан мақсад МДҲдаги муносабатларни бузиш бўлган – Бортников
Олам
−
24 Май
6006“Крокус Сити Ҳолл”даги теракт буюртмачилари Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги давлатлари ўртасидаги муносабатларга путур етказмоқчи бўлган. Бу ҳақда Россия Федерал хавфсизлик хизмати директори Александр Бортников Бишкекда ўтаётган МДҲга аъзо давлатлар хавфсизлик идоралари ва махсус хизматлари раҳбарлари кенгашининг йиғилишида сўз очди.
“Ишончимиз комилки, ушбу терактга буйруқ берганларнинг мақсадларидан бири диний ва миллий омиллардан фойдаланган ҳолда Ҳамдўстлик мамлакатлари муносабатларига путур етказишдир”, дейди у.
Федерал хавфсизлик хизмати директорининг таъкидлашича, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистондаги ҳамкасбларининг бевосита кўмагида “Вилояти Хуросон” гуруҳи аъзолари томонидан террорчиларга тайёргарлик кўриш, уларни молиялаштириш, уларга ҳужум қилиш ва олиб чиқиб кетиш интернет тармоғи орқали мувофиқлаштирилгани аниқланган.
“Бизнинг геосиёсий рақибларимиз халқларимизнинг узоқ муддатли ёнма-ён яшаши давомида шаклланган ягона миллатлараро ва динлараро мувозанатни бузишни кутишмоқда”, дейди ФХХ директори Бортников.
Унинг сўзларига кўра, Украина ҳарбий разведкаси бевосита боғлиқ бўлган террорчилик ҳужумида мусулмонлардан фойдаланиш мақсад қилинган.
Бортников Ҳамдўстлик мамлакатлари разведка хизматларидаги ҳамкасбларига терговда кўрсатган ёрдами учун миннатдорлик билдирди.
Маълумот учун, “Крокус Сити Ҳолл”даги теракт жорий йилнинг 22 март куни содир бўлган – қуролли шахслар концерт залига бостириб кириб, одамларга қарата ўқ узишни бошлаган. Улар бинога ўт қўйиб, қочиб кетган. Теракт оқибатида 145 киши ҳалок бўлди, 550 дан ортиқ киши жароҳатланди. Ҳужум учун жавобгарликни ИШИДнинг "Вилояти Хуросон" гуруҳи ўз зиммасига олди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь