Мирзиёев Россия хавфсизлик хизмати раҳбарини қабул қилди
Жамият
−
01 Декабрь 2021
7695Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 1 декабрь куни мамлакатда амалий ташриф билан бўлиб турган Россия Федерацияси Федерал хавфсизлик хизмати директори Александр Бортниковни қабул қилди.
Учрашув аввалида Александр Бортников Ўзбекистон раҳбарига Россия Президенти Владимир Путиннинг самимий саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.
Қайд этилишича, учрашувда Ўзбекистон-Россия стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари кўриб чиқилган. Жорий йил 19 ноябрь куни Москва шаҳрида ўтган олий даражадаги икки томонлама учрашувнинг самарали натижалари юксак баҳоланган.
Хавфсизликка замонавий таҳдидларга, шу жумладан терроризм, экстремизм, уюшган жиноятчилик, кибержиноятлар, наркотрафик ва бошқа хавф-хатарларга қарши курашишда икки мамлакат ваколатли органлари ўртасидаги мунтазам алоқаларни давом эттириш ва амалий ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилган.
Шунингдек, Афғонистонда вужудга келаётган ҳолатдан келиб чиқиб минтақадаги вазият юзасидан ҳам фикр алмашилган.
Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати раиси Абдусалом Азизов ҳам иштирок этган.