“Крокус” иши бўйича яна 4 гумонланувчига қўйилган айблов ўзгартирилди
Олам
−
21 Ноябрь
8399Москва яқинидаги Красногорскдаги “Крокус Сити Ҳолл” концерт залида содир этилган теракт иши бўйича тўрт нафар гумонланувчига қўйилган айблов ўзгартирилди. Бу ҳақда ТАСС хабар берди.
Гап Исроил, Аминжон ва Диловар Исломовлар, шунингдек, Алишер Қосимов ҳақида кетмоқда. Улар Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 205.1-моддаси (Террорчилик фаолиятини тарғиб қилиш) 3-қисми билан айбланган. Ушбу моддада айбланаётган шахслар 12 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Илгари юқоридаги барча шахслар ушбу кодекснинг 205-моддаси (Одам ўлимига олиб келган террорчилик ҳаракати) 3-қисмининг “б” банди бўйича айбланганди. Ушбу моддага кўра, жазо бир йилдан икки йилгача озодликни чеклаш ёки умрбод озодликдан маҳрум қилиш билан 15 йилдан 20 йилгача муддатга озодликдан маҳрум қилишни назарда тутади.
Тергов маълумотларига кўра, Исроил Исломов ва унинг икки ўғли Диловар ва Аминжон террорчиларнинг ниятидан хабари бўлган. Шунингдек, улар айбланувчиларга теракт содир бўлган куни ҳайдаган ва Брянск вилоятида қўлга олинган Renault русумли автомашинани сотиб юборган. Қосимов Путилководаги квартирани террорчиларга ижарага берган. Суд мажлисида у улар билан реклама сайти орқали танишганини айтган. Улар уйга кўчиб ўтганларида ўзларини қурувчи деб таништирган.
Маълумот учун, Москва яқинидаги Красногорскдаги “Крокус Сити Ҳолл” концерт залига ҳужум жорий йилнинг 22 март куни тахминан соат 20:00 да содир бўлди. Тўрт нафар қуролли шахс концертга келган одамларга қарата ўқ узган, аудиторияга ўт қўйган, сўнг бинони тарк этиб, машинада қочиб кетган. Оқибатда 145 киши ҳалок бўлди, 500 дан ортиқ киши яраланди. 1,7 мингдан ортиқ киши жабрланувчи сифатида тан олинган, 800 дан ортиқ киши гувоҳ сифатида сўроқ қилинган.
1 ноябрь куни ушбу терактда гумон қилинган яна 4 нафар шахс аниқланди. Уларнинг барчаси мамлакат таркибидаги Ингушетия Республикаси фуқаролари. Улардан икки нафари ҳибсга олинган, яна икки нафари қидирувга берилган. Гумонланувчилар – Ҳусайн Медов, Жаброил Аушев ва Хаваж-Багаудин Алиев Назран туманининг Сурхахи қишлоғида туғилган ва шу қишлоқда рўйхатда туради. Қолган бир нафар гумонланувчи – Ботир Кулаев эса Экажево қишлоғидан экани қайд этилган. Медов (астма касали бор, 2-гуруҳ ногирони) ва Аушев ушланиб, Москвага олиб кетилган. Улар терактда иштирок этганини рад этган, бироқ қурол ва ўқ-дориларнинг ноқонуний савдосига алоқадорлигини тан олган. Алиев ва Кулаев қидирувга берилган.
Ушбу ҳужум замонавий Россия тарихидаги энг йирик терактлардан бирига айланди, ИШИДнинг Афғонистондаги бўлими бўлган “Вилоят Хуросон” гуруҳи ҳужум учун жавобгарликни ўз зиммасига олди.
Ҳуқуқ-тартибот идоралари терактни содир этиш ва уюштиришда ёрдам беришда гумон қилинган 18 нафар шахсни қўлга олди, уларнинг аксарияти Тожикистон фуқаролари.
“Коммерсанть”нинг маълум қилишича, концерт залининг икки ходими ҳам Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 238-моддаси (хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган хизматлар кўрсатиш) 3-қисми бўйича жиноий иш бўйича айбланувчига айланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Москванинг Басманний туман суди “Крокус Сити Ҳолл” концерт залида теракт содир этишда айбланган тўрт нафар шахсни ҳибсда сақлаш муддатини узайтирганди. Суд тергов органларининг илтимосномасини қаноатлантирган ва Муродали Рачабализод, Муҳаммадсобир Файзов, Фаридуни Шамсиддин, Далержон Мирзоевга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини 3 ойга, жами 10 ой 28 суткага узайтирган. Судланувчиларнинг тўрт нафари ҳам 2025 йилнинг 22 февралига қадар ҳибсда бўлади.
LiveБарчаси