Криптовалюталар билан савдо қилиш қоидалари белгиланди

Жамият

image
0:00
0:00
download

Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги директорининг жорий йил 15 августдаги буйруғи билан Крипто-биржада крипто-активлар савдоларини амалга ошириш қоидалари тасдиқланди.

Низомда қуйидагилар белгиланган:

•    мижозлар билан муносабатларни ўрнатиш тартиби;
•    крипто-активлар савдоларини ташкил этиш тартиби;
•    мижозлар билан воситачилик муносабатлари асосида битимлар тузиш тартиби;
•    крипто-биржада ҳисоб-китоб-клиринг операцияларини ўтказиш тартиби;
•    клиринг хизмати кўрсатишни тўхтатиш.

Крипто-биржа мижозларининг пул маблағлари ва крипто-активлари крипто-биржанинг пул маблағлари ва крипто-активларидан алоҳида ҳисобга олинади ва сақланади. Савдолар иштирокчилари мажбурий идентификациядан ўтказилганидан сўнг уларга крипто-биржа электрон платформаси орқали операцияларни амалга оширишга рухсат берилади.

Крипто-биржа крипто-активлар савдолари билан боғлиқ битимлар устидан доимий назоратни амалга оширади. Крипто-биржа томонидан қонунчилик ҳужжатлари ва мазкур Қоидаларнинг бузилганлиги аниқланганда, уларни тўхтатиш ҳамда келгусида қайтарилмаслиги бўйича чоралар кўрилиши лозим.

Ўзбекистон резидентлари крипто-биржанинг электрон платформасида:

•    крипто-активлар билан крипто-биржада крипто-активлар савдоларининг барча турларини миллий валютада, жумладан крипто-активларни тўғридан-тўғри савдолар майдончасида сотиш ва сотиб олишга қаратилган битимларни амалга ошириш;
•    Ўзбекистон норезидентлари билан фақатгина крипто-активларни сотишга доир операцияларни хорижий валютада амалга ошириш ҳуқуқига эга;
•    сотиб олиш объекти сифатида крипто-активларни танлаш ҳуқуқига эга ва бу танловнинг тегишли оқибатлари сотиб олувчининг ўз таваккалчилиги ҳисобланади.

Ўзбекистон резидентлари томонидан ўзаро ўзгармас токенларни хорижий крипто-биржалар ва платформаларда айирбошланганлиги натижасида қабул қилинган крипто-активлар ўрнатилган тартибда Ўзбекистон ҳудудида рўйхатдан ўтган крипто-активлар айланмаси соҳасидаги хизматлар провайдерларининг электрон платформаларида сотилади.

Крипто-биржаларда барқарор токенларни чиқариш ва чиқаришни рўйхатга олиш, токенларни дастлабки таклифини жойлаштириш мақсадида таъминланмаган токенларни чиқариш, чиқаришни рўйхатдан ўтказиш, жойлаштириш ва муомалага киритиш тақиқланади. Крипто-биржа мижозлар билан муносабатларни шартнома асосида ўрнатади.


Мақола муаллифи

Теглар

криптовалюта

Баҳолаганлар

156

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг