Кремль Россия дунё бўйлаб самолётларда терактлар тайёрлагани ҳақидаги даъволарга муносабат билдирди
Олам
−
17 Январь
7407Польша Бош вазири Дональд Туск Варшавада Украина Президенти Владимир Зеленский билан учрашувда Россия разведка хизматлари дунёнинг турли авиакомпаниялари самолётларига қатор терактлар тайёрлаётганини айтди. Бу ҳақда “Politico” хабар берди.
Туск батафсил маълумот бермади, аммо яқин келажакда қўшимча маълумотлар пайдо бўлиши мумкин. Аввалроқ “The New York Times” Америка разведкаси Оқ уйни таҳдид ҳақида огоҳлантирганини ёзганди. Унга кўра, Россия махсус хизматлари АҚШга учаётган юк самолётларига портловчи мосламалар ўрнатишни режалаштирган.
Тускнинг ушбу баёнотига Кремль воизи Дмитрий Песков муносабат билдирди. Песков Польша Бош вазирининг Россия бутун дунё бўйлаб самолётларда терактлар тайёрлагани ҳақидаги баёнотини “мутлақо асоссиз айбловлар” деб атади.
Россия Президенти матбуот котибининг таъкидлашича, Польша ёлғон маълумот тарқатиш бўйича Европанинг бошқа давлатлари орасида етакчи бўлиб қолмоқда.
“Польша бундай асоссиз айбловлари билан яхши танилган. Баъзан ҳатто бошқа Европа мамлакатлари билан солиштирганда, бу борада етакчиликни сақлаб қолишга ҳаракат қилади”, деган Песков.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг январь ойи бошларида Польшанинг Санкт-Петербург шаҳрида жойлашган бош консулхонаси ўз фаолиятини тўхтатганди. Консуллик биносидан Польша ва Европа Иттифоқи байроқлари олиб ташланган. Шунингдек, 5-Советская кўчасидаги бинонинг фасадидан бош консулхона ёзуви демонтаж қилинган.
LiveБарчаси