Кремль: “Киев олов билан ўйнашяпти”

Олам

image

Киевнинг Донбассда жанговар ҳаракатларга кириши Украина тугашининг бошланиши бўлади. Бу ҳақда Россия Президенти Администрацияси раҳбарининг ўринбосари Дмитрий Николаевич Козак маълум қилди.

Козакнинг сўзларига кўра, Россия можаронинг кўламига қараб Донбассдаги фуқароларини ҳимоя қилишга мажбур бўлади. 

Фото: Россия Президенти Администрацияси раҳбарининг ўринбосари Дмитрий Козак

Шунингдек, Козак АҚШ Зеленскийни Донбассдаги можарони авж олдиришга ундамаётганини тахмин қилган.

Козак Зеленскийнинг Донбассга ташрифи ҳақида ҳам фикр билдирган.

“Президент Зеленскийнинг Донбассга сафари Украинанинг шарқидаги вазиятни кескинлаштирмайди, аммо Киев “олов билан ўйнашяпти”, дейди Козак.

Аввалроқ, Зеленскийнинг Донбассга ташриф буюриш ва у ерда украиналик ҳарбийлар билан учрашиш ниятида бўлгани ҳақида хабар берган эдик.
 
Кремлнинг расмий вакили Россия ва Украина ўртасидаги Донбасс масаласи бўйича музокараларга ҳам тўхталиб ўтди.

Унга кўра, Россиянинг Донбасс бўйича музокараларни очиқ ва ошкора ўтказиш ҳақидаги таклифи Киевни жазавага солган.

“Донбасс бўйича музокаралардаги махфийлик Киевга ўз йўналишида давом этиш ва фуқароларига нотўғри маълумот бериш учун зарур”, дейди Козак.

Эслатиб ўтамиз, Украина Ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба Киев Донбассда уруш бўлишини истамаслигини, бироқ Украина армиясига ҳужум қилиш хавфи бўлган тақдирда Украина Донбассда ўқ узишини айтганди.

Ҳудуддаги вазиятнинг кескинлашуви фонида бир қатор давлатлар, хусусан Франция ва Германия хавотирга тушган бўлса, АҚШ Президенти Жо Байден Украинанинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини доимий равишда қўллаб-қувватлашини маълум қилган. Сиёсий экспертлар эса Донбассдаги вазиятнинг кескинлашувини Украинанинг сўнгги пайтлардаги НАТОга қўшилиш томон фаол ҳаракатлари билан боғламоқда.

Маълумот ўрнида, Донбасс минтақаси Украинанинг Донецк ва Луганск ҳамда Россиянинг Ростов вилоятларини ўз ичига олади. Ушбу ҳудудда 2014 йилдан бери ҳарбий ҳаракатлар давом этмоқда. Конфликт бир томондан Украина Қуролли кучлари, иккинчи томонда икки алоҳида ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган Донецк ва Луганск Халқ Республикалари ўртасида бормоқда. Ушбу икки давлат Украинадаги 2014 йилги сиёсий инқироз вақтида вужудга келган.  Донецк ва Луганск Халқ Республикаларининг иккиси ҳам на Украина ва на жаҳон ҳамжамияти томонидан тан олинган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

538

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг