“Korzinka”га нисбатан иш қўзғатилди
3-саҳифа
−
15 Июль
33597“Korzinka” супермаркетлар тармоғига нисбатан иш қўзғатилди. Бу ҳақда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси хабар берди.
Билдирилишича, супермаркетлар тармоғи томонидан турли хил усулларда тарқатилаётган реклама ахборотида “Кундалик харидларга энг арзон нарх”, “Энг арзон нарх – Korzinka’да”, “...Энг унумлисига келинг!” каби фойдаланувчиларни чалғитадиган ёки чалғитиши мумкин бўлган сўз жумлаларидан фойдаланилганлиги кузатилмоқда.
“Мазкур реклама ахборотида қайд этилган маълумотларни ўрганиш натижасида, акция доирасида кундалик эҳтиёжлар учун керак бўладиган маълум бир миқдордаги маҳсулотлардан иборат бўлган каталог жорий қилинганлиги маълум бўлди”, дейилади қўмита хабарида.
Шунингдек, ушбу каталогга киритилган маҳсулотларнинг нархлари турли супермаркетлар тармоғи ҳамда деҳқон бозорлардаги худди шундай маҳсулотларнинг нархлари бўйича ўтказилган мониторинглар натижасига кўра солиштирилганлиги ҳамда таққослаш учун ҳар бир товарнинг алоҳида эмас, балки саватнинг (каталогнинг) умумий нархи олингани аниқланган.
Қўмитага кўра, “Korzinka” супермаркетида “энг арзон нарх” деб эълон қилинган маҳсулотларнинг алоҳида турлари бўйича нархлар бошқа супермаркетлар ва деҳқон бозорларида сотилаётган худди шу турдаги маҳсулотлар нархига нисбатан юқорилиги кузатилган.
“Рекламани бундай кўринишда бўлиши рекламадан фойдаланувчиларни чалғитувчи ёки чалғитишга олиб келувчи ҳолат дейилиши мумкин. Юқоридагиларга кўра, Ўзбекистон Республикасининг “Реклама тўғрисида”ги Қонуни 5-моддаси, 16-моддаси биринчи қисми ва Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуни 6-моддаси биринчи қисми талаблари бузилиши аломатлари юзасидан “ANGLESEY FOOD” МЧЖга нисбатан белгиланган тартибда иш қўзғатилди”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Рақобат қўмитаси Бухоро вилоятида жойлашган “Баҳоуддин Нақшбанд” ёдгорлик мажмуасига ҳисобланган қўшимча тўлов юзасидан “Бухоро ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖга нисбатан иш қўзғатганди.
Азизбек Эшмаматов
LiveБарчаси