Президент ҳалолларни қидиряпти

Жамият

Бизлар арра тортмоқдамиз, 
Аррамизнинг тиши йўқ. 
Нега арранг тиши йўқ, деб 
Сўрайдиган киши йўқ. 
Чунки бизлар анойимас, 
Пишиб кетган кўзимиз. 
Арра тушган ўша шохда 
Ўлтирибмиз ўзимиз. 

Кўчаларда биз порахўрликка қаршимиз, коррупциясиз жамият қурамиз, деб ёзилган шиорларни кўрганда, коррупцияга қарши кураш учун миллионлар сарфлаб ўтказилган тадбирларда иштирок этганда негадир Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидовнинг мана шу мисралари ёдга тушади. Марҳум шоиримизнинг 1991 йилда қаламидан тўкилган бу сўзлар ва унинг ортида яширинган коса тагидаги ним коса ғоя ҳамон актуал. Ўзбекистон, Янги Ўзбекистон коррупцияга қарши курашяпмиз деб қанча бонг урмасин, натижа мақтагулик эмас. Аксинча, коррупционерлар ҳам, поранинг миқдори ҳам ошиб боряпти.

Президент Шавкат Мирзиёев эса буларни билади ва мамлакатда коррупцияга қарши курашдан умуман қониқаётгани йўқ. Шу боис 5 март куни давлат раҳбарлиги раислигида Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгашнинг коррупциянинг олдини олиш бўйича ишлар натижадорлиги ва келгусидаги устувор вазифаларга бағишланган кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди. 

Айни вақтда Ўзбекистонда парламент қуйи ва юқори палатасида коррупцияга қарши қўмиталар мавжуд. Шунингдек, Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгаш ва агентлик фаолият юритмоқда. Шунга қарамай, оддий одамлар ҳаётида бу унчалик ҳам катта таъсир кўрсатаётгани йўқ. Буни тасдиқлагандек, Ўзбекистон 2024 йилда 180 мамлакат ўрин олган коррупция бўйича рейтингда 121-ўринни эгаллади. Таққослаш учун айтиш ўринлики, ушбу рейтингда Мустақил давлатлар ҳамдўстлигидан қўшнимиз Қозоғистон биздан анча юқори ўрин олиб, 88-қаторни банд этди. Грузия 53-ўринни, Арманистон 63-поғонани эгаллади, Беларусь эса 113-ўринда.

Президент ўтказган йиғилишда айтилишича, ҳуқуқ-тартибот идоралари асосан коррупцияни аниқлаш ва жазолаш билан ишлаб, коррупциявий омилларни таг-томири билан йўқотадиган превентив чораларни эътиборсиз қолдиряпти. Коррупциянинг олдини олиш омиллари билан ишлаш учун 117 та вазирлик ва идорадаги “коррупцияга қарши ички назорат” тузилмаларида 1 минг 285 ходим ишламоқда. Лекин коррупциявий омилларни бартараф этишда уларнинг ўрни ҳам, масъулияти ҳам сезилмаяпти. 

Ҳар йили бизнес муҳитини яхшилаш, инвестиция жалб қилиш, янги иш ўринлари яратишда бюрократия ва тўсиқларга барҳам бериш бўйича ўнлаб қарорлар қабул қилинмоқда. Масалан, 6,5 минг турдаги маҳсулотни ишлаб чиқариш ва олиб киришда тадбиркорларга мувофиқликни баҳолаш мажбурияти юкланган. Шундан 3 минг 700 турдаги товар бўйича ҳар бир партияга алоҳида сертификат олиш шарт.

Шундай рўйхатлар санитария, карантин, ветеринария идораларида ҳам бор. Божхона эса бу рўйхатларнинг ҳаммаси билан ишлайди. Тадбиркорларни қийнаб, коррупцияга омил бўлаётган бундай рўйхатларни қисқартириш бўйича бу идораларнинг комплаенс ходимлари ҳеч қандай таклиф бермаган.

Президент Коррупцияга қарши курашиш агентлиги фаолиятидан мутлақо норозилигини айтди. Бир нарсани айтайми? Биз ҳам норозимиз. Анчадан бери норозимиз. 

Президентнинг айтишича, агентлик ходимлари вазирликларга, ҳудудларга бориб, аниқ бир соҳани таҳлил қилиб, муаммоларга ечим бериш ўрнига, қўзғатилган жиноят ишларини санайдиган қуруқ статист бўлиб қолган.  Президентга кўра, агентлик раҳбарияти коррупция ҳолати энг кўп бўлган туман соғлиқни сақлаш, бандлик бўлими ёки банк филиалига бориб, ҳолатни ўрганмаган, янги замонавий тизим бўйича таклиф бермаган. Ушбу соҳаларнинг бевосита раҳбарлари эса ўз тизимини “коррупциядан холи” қилиш ишларини суст бажарган ёки умуман бажармаган. 

Парламентдаги бюджет қўмиталарида ҳам ҳар йили бюджетдан энг кўп маблағ оладиган 3 та вазирликка бориб, коррупциявий омилларни аниқлашда ва ўзгариш қилишда ташаббускорлик етишмаётгани айтилди йиғилишда. 

Бугунга мажлисда Бош вазир Абдулла Ариповга 117 та вазирлик ва идорадаги “коррупцияга қарши ички назорат” тузилмалари раҳбарларини ишдан олиш ва уларнинг ўрнига ҳалол, фидойи ва профессионал кадрлардан қўйиш, уларнинг олдига аниқ вазифаларни белгилаб бериш топширилди. Шу ўринда савол туғилади. Бош вазир уларнинг ҳалоллигини қандай ўлчайди? 

Вазирликларнинг ҳудудий комплаенс ходимларини бевосита вазирнинг ўзи ишга қўйиши, ўзига сиёсий масъулият олиб, бутун тизимидаги коррупция учун шахсан жавоб бериши белгиланди. Бу яхши, албатта, вазирларнинг масъулияти ошади. Лекин вазирнинг ўзи ёки биринчи ўринбосари, ўринбосарлари порахўр бўлса-чи. Онангни қози сўкса, дардингни кимга айтасан, деганлари шу эмасми? 

Президент Мирзиёев йиғилишда Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг иш услуби мутлақо ўзгаришини айтди. Бунинг учун тажриба тариқасида 5 та идора: Соғлиқни сақлаш, Қурилиш, Сув хўжалиги вазирликлари, “Ўзбекнефтгаз” ва “Ўзсувтаъминот”нинг комплаенс назорати агентликка ўтказилади.

Йил якуни билан бу вазирликларда қанча коррупциявий омилларни бартараф қилингани, одамларга қандай енгилликлар бўлгани ҳақида Миллий кенгашда ҳисобот берилади.

Шунингдек, агентлик вазир, ҳокимлар билан биргаликда ҳар чоракда коррупция юқори бўлган камида 3 та соҳада тумангача тушиб, маиший ва тизимли коррупция омилларини чуқур ўрганади, таҳлиллар асосида қайси жараённи рақамлаштириш, қайси бюрократик тартибни бекор қилиш бўйича аниқ чораларни ишлаб чиқади.

Айтилишича, коррупциявий жиноятларнинг 75 фоизи туман ва маҳаллада маиший коррупция шаклида содир этилаётганмиш. Хусусан, инфратузилмага уланиш, лицензия олиш, имтиёзли кредит ажратиш, ишга қабул қилиш, малака ошириш каби йўналишларда коррупция омиллари кўп.

Президентнинг фикрича, терговчи, прокурор ва судьялар қўлидаги иш бўйича идораларга тақдимнома ва хусусий ажрим киритишдан нарига ўтмаяпти, уларнинг муҳокамаси ҳам, жавоби ҳам қуруқ расмиятчилик. Вилоят ҳокимлари раҳбар бўлган коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгашларининг иши ҳам жуда суст, фаолияти туман, маҳалла билан боғланмагани учун натижа йўқ. Парламент масъул қўмиталарининг ҳам ўрни сезилмаяпти.

Эндиликда коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгашлари таркиби тўлиқ янгиланади, уларга раис этиб вилоят халқ депутатлари кенгаши раислари тайинланади. Ҳудудий кенгашлар одамлар орасигача тушиб, коррупциявий омилларни аниқлаши, уларга барҳам бериш учун қайси қонунни ўзгартириш зарур, деган саволларга жавоб топиши керак.

Кенгашлар ҳар чоракда камида битта соҳада коррупциявий омилларни бартараф этиш, қонун устуворлиги, жазо муқаррарлигини таъминлаш бўйича Миллий кенгашга таклиф киритади. Кўрамиз, кирита олармикан?!

Йиғилишда Вазирлар Маҳкамасига тизимидаги коррупцияни билиб-билмасликка, кўриб кўрмасликка олиб юрган инспекция раҳбарлари ишига баҳо бериб, икки ҳафтада коррупциявий омилларни бартараф этиш бўйича ҳар бирига аниқ вазифа қўйиш топширилди. Ҳар ойда биттадан инспекция фаолияти танқидий кўриб чиқилади ва улардан қаттиқ сўров қилиб борилади.

Эндиликда Бош прокурор ва Ички ишлар вазири ҳар чоракда Миллий кенгаш олдида, вилоят, туман прокурорлари ва ички ишлар бошлиқлари эса ҳар ойда ҳудудий кенгашларда ҳисобот беради ва жамоатчиликка мурожаат билан чиқади. 

Президент мурожаат деганда, умумий гапларни назарда тутмаяпти. Бунда ҳар бир соҳа ва жиноятчилик тури бўйича олдини олиш, омилларини бартараф этиш борасида аниқ қиладиган ишларини айтиши керак.

Миллий кенгаш ҳар ойда туман ва шаҳарга тушиб, ўз йиғилишини бевосита ички ишлар бўлимларида ўтказиши керак. 

Бундан буён 8 йиллик амалда бўлиб келган секторлар фаолияти билан прокурор, ички ишлар ва солиқ раҳбарлари шуғулланишига ҳам нуқта қўйилади. Уларнинг ўрнига эндиликда Бош вазир ўринбосарлари ўзига тегишли соҳалар билан ўз кучи ва тизими билан шуғулланади. 

“Прокуратура, ички ишлар, солиқ раҳбарлари яхшилаб эшитиб олсин: сектор ишидан озод қилиш бу – эски даврга қайтиб, аҳоли ва тадбиркорларга ҳар қадамда тўсиқ, коррупцияга шароит яратиш, дегани эмас”, деди Президент Мирзиёев. 

Туманда жиноятчиликни жиловлашга ҳоким бошлигича қолаверади. Барча ишларни мувофиқлаштиришда ҳокимбуваларнинг ўрни ҳеч қаерга йўқолмайди. Ҳар ҳафтада прокурор ва ички ишлар бошлиғи билан ҳудуддаги вазиятни муҳокама қилиб бориши шарт. 

Президентнинг эслатишича, Бош прокуратура, Ички ишлар, ДХХ академиялари, Юридик ва Жамоат хавфсизлиги  университетларига жиноятчиликни олдини олиш бўйича ҳудуд ва соҳалар бириктирилган эди. Лекин улар криминоген вазият мураккаб маҳаллаларга олимларни юбормаётгани, ушбу маҳаллаларни намунали қилишда жонбозлик кўрсатмаяпти. Миллий кенгаш эса ҳар чоракда ушбу олийгоҳлар раҳбарларидан ҳам ҳисобот сўраб бориши керак.

Йиғилишда Сенат камида 1 та ҳудудда жиноятчиликни кескин қисқартириш бўйича, Қонунчилик палатаси эса камида 1 та соҳада коррупцияга барҳам бериш бўйича таклифлар бериб бориши белгиланди. 

Бундан буён, вазир ва ҳокимлар лавозимга қўйилишидан олдин коррупцияни олдини олиш бўйича аниқ режасини парламент ва маҳаллий кенгашлар олдида ҳимоя қиладиган тизим жорий этиш таклиф қилинди.

Манфаатлар тўқнашуви, қиммат нархда товар сотиб олиш ёки хизмат кўрсатиш асосан давлат харидларида кузатилаётганини сўқир ҳам кўриб, сезиб турибди. Айниқса, фалончи вазир ё ҳоким ўзига фалон миллион мукофот пули ёзиб олибди, фалон миллионга хорижий автомобиль сотиб олибди, фалон миллионга арча ясатибди деган хабарларни ўқиганингиз аниқ. 

Шу боис ҳам йиғилишда Президент Мирзиёев Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Ҳисоб палатасига парламентнинг бюджетга масъул қўмиталари билан биргаликда тўғридан тўғри харидларни 2 карра қисқартиришни топширди. Йил якунигача сунъий интеллект ёрдамида давлат харидларида қонунга зид ҳолатларни аниқлаш ва олдини олиш бўйича электрон тизимни ишга тушириш вазифаси қўйилди.

Шунингдек, бу борада Эксперт комиссияси тузилади. Ушбу комиссия илғор тажриба асосида давлат харидларида товарларнинг ўртача бозор нархлари кўриниб турадиган электрон платформа яратиб, ундаги маълумот янгиланиб турадиган тизим қилади.

Бунда давлат харидларида сотиб олинадиган товар ва хизматлар нархи ўртача бозор нархидан кўпи билан 20 фоиздан ошмаслиги шарт. Ушбу талабни бузганлик учун қонун билан жавобгарлик ва жарималар жорий қилинади.

Бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобига олинаётган товарларни ҳам тартибга солиш вақти келган. Бюджет ва бюджетдан ташқари маблағ ҳисобидан асосий воситаларни харид қилиш бўйича талаблар кучайтирилади. 

Хизмат транспортида юришни кескин қисқартириб, ўзимизда ишлаб чиқарилган автомобиль ва мебелга ўтиш зарурлиги айтилди. Тўғрисиям-да. Нега халқ маблағларидан ҳосил бўлган бюджет пулларига ўзимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар қолиб, хорижникини сотиб олиши керак амалдорларимиз. Олманинг сарасини мен еймай, қурт тушганини халқ есин дегандек бўлмайдими, ахир.

Шунингдек, йиғилишда Президент Шавкат Мирзиёев йирик лойиҳаларни юқори даражадаги коррупцияга қарши стандартлардан келиб чиқиб баҳолаш лозимлигини айтди. Мутасаддиларга бундай инвестиция лойиҳаларида халқаро коррупцияга қарши стандартларни жорий этиш, йирик аукцион шартларини рақобатдошлик экспертизасидан ўтказишни йўлга қўйиш топширилди. “Шаффоф қурилиш” платформаси қамрови оширилиши, халқаро ташкилотлар лойиҳаларига ҳам босқичма-босқич жорий қилиниши белгиланди. Бу ишлар халқаро молия ташкилотлари иштирокидаги қурилишларда субпудратчиларни ёллаш ва 1 миллион долларгача бўлган лойиҳалардан бошланади.

Ана келдик энди куннинг асосий масаласига. Йиғилишда давлат хизматчилари даромадини декларациялашга оид қонунни қабул қилиш вақти-соати келгани айтилди. Аслида уни қабул қилиш муддати анча аввал белгиланган ва муддатидан ўтиб кетган эди. Лекин ҳеч ким, айниқса, уни қабул қилишга масъул бўлган ташкилотлар бу борада миқ этмай келаётганди. Гўё амалдорлар бугунгача йиққан-тергани, тўплаганини яшириб олишига вақт ва имкон берилгандек...

Президент масъулларга тез фурсатда ушбу қонун лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қўйиб, 1 апрелгача киритишни топширди. 

Шунингдек, гап бориб ноқонуний бойлик орттириш учун жавобгарлик масаласини ҳам ўйлаб кўрига тақалди. Қонунчиликка ноқонуний бойлик орттириш ҳақида модда киритиш таклиф қилинди. Яъни, давлат хизматчиси декларация қилган даромадига мос келмайдиган мол-мулкини қаердан олганини исботлаши керак бўлади. Президент Миллий кенгашни, парламентнинг коррупцияга қарши курашиш қўмиталарини бу борада халқаро андозаларга мос таклифларни ишлаб чиқишга чақирди.

Давлат раҳбари суд тизимида коррупциявий хавф-хатарларни олдини олиш, одил судлов сифати ва самарадорлигини ошириш доимо диққат марказида бўлиши зарурлигини таъкидлади.

У барча раҳбарларни қатъий огоҳлантириб, судлар фаолиятига ҳар қандай аралашиш одил судловга соя солиш, деб баҳоланиши, бу бўйича сўров ҳам, жавобгарлик ҳам қаттиқ бўлишини айтди. Одил судловни таъминлаш учун уч ой ичида сифатли юридик ёрдам кўрсатилишида адвокатлар фаолиятига тўсқинлик қилаётган омилларни бартараф этиш бўйича қонун лойиҳасини киритиш топширилди.

Шу ўринда айтиш ўринлики, 2024 йилда коррупцияга оид жиноятлар олий таълим, транспорт ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳасида ошган. 2024 йилда республика бўйича жами 6 898 нафар шахс томонидан 5 716 та жиноят содир этилган бўлиб, 2023 йилга нисбатан коррупцияга оид жиноятлар “Ҳудудгазтаъминот” АЖ, Сув хўжалиги, маҳаллий ҳокимликлар ҳамда банк соҳасида камайган. Олий таълим, транспорт ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳасида бу кўрсаткич ошган. Мактабгача ва мактаб таълими, соғлиқни сақлаш, камбағалликни қисқартириш ва бандлик соҳаларида коррупцияга оид жиноятлар салмоғи юқорилигича қолмоқда. 

Охирги вақтларда коррупциявий жиноятлар сони урчигандан урчиган. Бироқ наҳанглар қолиб, фақат майда балиқларнинг пора олаётганда қўлга тушишига жамоатчилик анча ўрганиб қолди. Негадир коррупциявий жиноятлар ҳақидаги хабарларни ўқиганимизда уларнинг бош қаҳрамонлари силсиласи нари борса ҳоким ўринбосари билан тугайди, гўёки бутун порахўрлик пастда. Ўзбекистон, Янги Ўзбекистон коррупцияга қарши курашиб, ҳатто, мажлисларда одамларни ҳибсга олишдек амалиётлардан фойдаланмасин, барибир коррупция камайиб қолаётгани йўқ. Хўш, сизнингча, энг самарали чора қайси? Нима қилиш керак? 


Мақола муаллифи

Теглар

коррупция Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг