Солиқни ошириш эмас, тадбиркорни қўллаб-қувватлаш керак – Президент

Жамият

image

Эндиликда тадбиркорларга солиқларни йилда иккига бўлиб тўлашга рухсат берилади. Бу ҳақда бугун, 18 апрель куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтаётган дунёда юз бераётган иқтисодий тебранишларнинг Ўзбекистон соҳа ва тармоқларига таъсирини юмшатиш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилишида сўз очилди. 

Президент тадбиркорларни ўйлантираётган масалага тўхталиб, жойларда ер солиғи ва ижара тўловларига оширувчи коэффициент белгилаётганда унинг бизнесга таъсирини ўрганиш, тадбиркорларнинг имконияти ва молиявий аҳволидан келиб чиқиб, қарор қабул қилиш муҳимлигини таъкидлади. 

“Тушумни кўпайтириш солиқ ставкасини ошириш ҳисобидан бўлмаслиги керак. Аксинча, тадбиркорга ёрдам бериб, солиқ базасини кенгайтирсак, тушум кўпаяди, тадбиркорлар ҳам рози бўлади”, дейди давлат раҳбари. 

Йиғилишда солиқ ва божхона соҳаларидаги камчиликлар бу тизимларда навбатдаги ислоҳотларни талаб қилаётгани қайд этилди. Мутасаддиларга малакали экспертлар, олимлар ва тадбиркорлар жамоатчилик кенгашини жалб қилиб, солиқ-божхона сиёсати ва маъмурчилигини янги босқичга олиб чиқиш бўйича асосли таклифларни киритиш топширилди.

Шунингдек, вазирларнинг ўз соҳасидаги йўриқнома ва бошқа идоравий ҳужжатларни қабул қилиш бўйича ваколати аниқ белгиланиши лозимлиги таъкидланди. 

“Энг барқарор муносабатлар – қонун билан, янги ислоҳотлар – Президент ҳужжати билан, тармоқ ва ҳудудларни ривожлантириш – Ҳукумат қарори билан белгиланади. Уларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича фақат идоравий ҳужжатлар қабул қилинади.
Ана шунда, ислоҳотлар натижалари одамларимизга тезроқ етиб боради”, дейди Президент.

Шунингдек, давлат раҳбари бизнес учун тенг шароитлар яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.

“Маҳаллий корхоналаримизга йўл очиб, ишлаб чиқаришни кўпайтириш, қиммат бозорларга янги-янги маҳсулотлар билан киришига шароит яратишимиз зарур”, дейди Мирзиёев.

Лекин айрим товарлар бозорларимизга сунъий пасайган нархда кириб келаётгани маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг ўрнини заифлаштираётгани кўрсатиб ўтилди. Масалан, Ўзбекистонда чиқаётган таннархи 220 долларлик кичик музлаткич бозорда ўртача 250 доллардан сотилаётгани учун 30 доллар ҚҚС тўланади.

Худди шундай музлаткичнинг импорт нархи сунъий пасайтирилиб, 25 доллар кўрсатилгани учун бор-йўғи 3 доллар ҚҚС олиняпти. Яъни, ишлаб чиқарувчи импортга нисбатан 10 карра кўп солиқ тўлаяпти. Янги фармон билан эндиликда четдан олиб келинаётган товарларнинг божхона қийматини аниқлаш тартиби тўлиқ халқаро қоидаларга мослаштирилади.


Мақола муаллифи

Теглар

солиқ Шавкат Мирзиёев

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг