Короновирус аломатлари энди сезилаётган бемор қайси диагностик текширувдан ўтиши керак?

Жамият 13254
image

Бугун бутун дунёда тобора кенгроқ тарқалиб бораётган COVID-19 коронавирус инфекцияси инсон организмига кирганидан кейин дастлабки босқичда аломатлар намоён бўлмайди. Ҳўш, касаллик аломатлари энди пайдо бўла бошлаган ёки ўзини вирус юқтириб олганини гумон қилганлар қандай лаборатор диагностика усулидан ўтиши керак? Қайси бири бу даврда аниқ жавоб олиш имконини беради?

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Барно Абдусаматованинг таъкидлашича, коронавирус инфекциясига текширувдан ўтиш учун аввало шифокор кўригидан ўтиш керак. Шифокор кўригидан ўтган кишида касаллик аломатлари бўлса ва эпидемиологик кўрсатма берилса, уни коронавирусда гумон қилиб текшириш мумкин.

ПЗР — Полимераза занжир реакция. Бунда юқори нафас йўллари шиллиқ қаватидан олинган намунада коронавируснинг генетик материали (РНК) бор ёки йўқлиги аниқланади. Намуна олиш нисбатан тез ва оғриқсиз кечади.

Бу анализ касалликнинг инкубацион (яширин) даврида ҳам ижобий натижа олиш ва барвақт ташхис қўйиш имконини беради. Вирус организмга кирганига 5-7 кун бўлгандан бошлаб мусбат натижа олиш мумкин. ЖССТ бу усулни COVID-19 диагностикасининг асосий усули сифатида тавсия қилган.

Антитела экспресс тест — бу усул COVID-19 касаллигининг кечиш даражасини аниқлаб берувчи қўшимча текширув усули ҳисобланади. Бунда бемордан олинган қон намунасида коронавирусга қарши организмда ишлаб чиқарилган антитаначалар, яъни IgM ёки IgG иммуноглобулинлари мавжуд ёки мавжуд эмаслигини аниқлаш мумкин. 

Иммуноглобулинлар — оқсил табиатли моддалар бўлиб, гуморал иммунитетнинг вирусларга жавоб реакцияси натижасида ҳосил бўлади: IgM миқдори қонда касалликнинг эрта даврида ортади. 

IgG миқдори эса қонда бироз кечроқ намоён бўлади. IgG мавжудлиги бизга COVID-19 га қарши иммунитет бор ёки йўқлигини ҳам аниқлаб беради.

Мутахассиснинг хулосасига кўра, экспресс тестлар орқали касалликнинг инкубацион даврини аниқлаб бўлмайди. ПЗР усулида эса вирусга нисбатан организмда иммунитет бор ёки йўқлигини аниқлаб бўлмайди. Касаллик белгилари мавжуд бўлган беморлар учун ҳар икки усул ҳам самарали.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 437
Рейтинг: 2.9
t
×