Коронавирусга қарши эмланганларда Гийена-Барре синдроми пайдо бўлиши мумкинми? 

Олам 10964
image
-

Векторли вакциналар билан эмлангандан сўнг камдан-кам учрайдиган ножўя таъсирлардан бири сифатида Гийена-Барре синдромининг пайдо бўлиши масаласи пухта ўрганишни талаб қилади. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг (ЖССТ) COVID-19 бўйича қуйи қўмитаси маълум қилди.  

Европа Иттифоқи, АҚШ ва бошқа бир қатор мамлакатлардан олинган маълумотларга асосланиб, мутахассислар COVID-19 га қарши векторли аденовирус вакциналари билан эмлашдан сўнг “Гийена-Барре синдромининг кам учрайдиган ҳолатлари тўғрисида ҳисоботлар” мавжудлигини қайд этди. 

“Муқобил манбалар ва самарали тадқиқот схемаларидан олинган маълумотлардан фойдаланган ҳолда янада қатъий тадқиқотлар ўтказиш керак, эмланган ва эмланмаган аҳолидаги ён таъсирларни таққослаш керак”, дейилган қуйи қўмита баёнотида. 

Ташкилот тиббиёт ходимларига мониторинг ўтказишни ва аҳолини эмлашнинг барча ножўя таъсирлари, жумладан, айтиб ўтилган синдромни кузатиб бориш ҳақида хабардор қилишни тавсия қилган. 

Хусусан, Американинг Johnson & Johnson корпорациясига тегишли бўлган Janssen компанияси ва AstraZeneca компанияси томонидан ишлаб чиқарилган вакциналар билан COVID-19 га қарши эмланганлар огоҳлантирилиши кераклиги айтилган. 

Ушбу вакциналарни қабул қилганлар, агар уларда Гийена-Барре синдроми (заифлик, фалажлик ва юришда қийналиш) аломатлари пайдо бўлса, дарҳол тиббий ёрдамга мурожаат қилиши кераклиги таъкидланган. 

Шу билан бирга, қуйи қўмита ушбу вакциналарнинг потенциал фойдалари Гийена-Барре синдромининг потенциал хавфидан юқори бўлаётганини маълум қилган. 

Сўнгги маълумотларга кўра, дунёда коронавирусга чалинганлар сони 195 млн 346 минг 662 кишига етди. 4 млн 182 минг 840 нафар бемор ушбу касалликдан вафот этди.

Рушана Султонова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 402
Рейтинг: 3
t
×