Хитойликлар ЖССТни АҚШ биологик лабораториясини текширишга чақирди 

Олам

image
0:00
0:00
download

500 мингдан ортиқ хитойликлар Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотидан “келажакдаги эпидемияларнинг олдини олиш” мақсадида Форт Детрик базасида жойлашган Америка биологик лабораториясидаги вазиятни текширишни талаб қилмоқда. Улар ушбу масала бўйича очиқ хатни имзолади. Бу ҳақда “Global Times” хабар бермоқда.  

Бунга қадар ЖССТ раҳбари Тедрос Адҳаном Гебрейесус янги коронавирус инфекцияси сунъий равишда пайдо бўлган бўлиши мумкинлигини айтган. Унинг сўзларига кўра, ташкилот 2019 йил декабрь ойида COVID-19 билан касалланган биринчи беморлар бўйича текшириш ишлари олиб боришни режалаштирмоқда. 

Хитой аҳолисининг очиқ хатида янги эпидемиянинг олдини олиш учун ЖССТ хавфли вируслар ёки биокимёвий қуролларни тадқиқ қилувчи лабораторияларга, хусусан, Америка Қўшма Штатлари армиясининг юқумли касалликларини ўрганиш институтига эътибор қаратиши кераклиги айтилган. Ушбу лаборатория АҚШнинг Мэриленд штатидаги Форт Детрик базасида жойлашган. 

Тасдиқланмаган хабарларга кўра, у ерда Эбола, SARS, MERS ва чечак каби хавфли вируслар бўлиши мумкин. Фаоллар улардан камида биттасининг сизиши даҳшатли оқибатларга олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирган. 

“2019 йилнинг кузида, COVID-19 эпидемияси бошланишидан олдин лабораторияда сизиш ҳолати юз берган. Аммо миллий хавфсизлик баҳонасида АҚШ батафсил маълумотларни ошкор қилмаган”, дейилган мактубда. 

Таъкидланишича, Хитой расмийлари Ғарбий давлатлардаги вирусологларга ва Америка оммавий ахборот воситаларининг вакилларига Ухань вирусология институтига ташриф буюришга рухсат берган. Қўшма Штатлар эса Форт Детрик базасидаги лабораторияни очмаган ва дастлабки маълумотларни бошқа мамлакатлар билан бўлишмаган. 

Манбага кўра, Америка лабораторияси 2019 йилда АҚШ Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш маркази томонидан текширилгандан сўнг вақтинча ёпилган. Ёпилиш сабаби “оқинди сувларни зарарсизлантириш билан боғлиқ инфратузилма муаммолари” деб номланган. 

Маълумот учун, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти март ойида коронавируснинг келиб чиқишини аниқлаш учун Ухань шаҳрига ташриф буюрган халқаро экспертлар ҳисоботининг тўлиқ версиясини эълон қилди. Унда вируснинг янги тури одамларга бошқа ҳайвон орқали юқганлиги ёзилган.  

Шунингдек, коронавируснинг лабораториядаги тажрибалар натижасида келиб чиққани тўғрисидаги фаразлар ҳам мавжуд. Яна бир тахминда эса касаллик совутилган овқатлар билан боғлиқ бўлиши мумкинлиги айтилган.  

Америка Қўшма Штатлари ва яна 13 мамлакат ЖССТ миссиясининг хулосаларидан кўнгли тўлмаганини билдириб, баёнот берган. Улар коронавирус келиб чиқиши тўғрисида шаффоф тергов ўтказилиши зарурлигини таъкидлаган. АҚШ разведкаси вирусни одамга ҳайвондан ва лабораториядан юққани тўғрисидаги тахминларни илгари суриб келади.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Хитой лаборатория

Баҳолаганлар

157

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг