Коронавирусга чалинганларни уйда даволаш тартиби белгиланди
Жамият
−
12 Июль 2020
17200COVID-19 коронавирус инфекциясининг аломатсиз шакли билан касалланганларни уй шароитида даволаш ва эпидемиологик суриштирув ўтказиш тартиби белгиланди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирининг “Коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларни даволаш ва касаллик тарқалишини олдини олиш борасида ўтказилаётган эпидемияга қарши курашиш тадбирларини такомиллаштириш тўғрисида”ги буйруғи қабул қилинди.
Буйруққа кўра, қуйидагилар тасдиқланган:
• COVID-19 касаллигини аломатсиз шакли билан касалланган фуқароларни уй шароитида даволаш ва эпидемиологик суриштирув ўтказиш тартиби;
• COVID-19 касаллигини аломатсиз шакли билан касалланган беморларни уй шароитида даволашга амалий-услубий ёрдам кўрсатиш бўйича ҳудудларга бириктирилган ходимлар рўйхати;
• Маъмурий ҳудудлардан COVID-19 аломатсиз шакли билан касалланганларнинг 10 кунлик тиббий кузатуви мониторинги ҳисобот шакли;
• Коронавирус аниқланган беморлар тўғрисидаги маълумот шакли.
Вазир буйруғига асосан, Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ тумани ҳамда ҳудудларнинг вақтинчалик карантинга мослаштирилган мажмуаларида COVID-19 аломатсиз шакли билан касалланган, ушбу ҳудуд рўйхатида турмайдиган фуқаролар яшаш манзилига юборилмасдан, COVID-19'ни даволашга мослаштирилган муассасаларда 10 кун давомида кузатуви ва даволаниши ташкил этилади.
COVID-19 аломатсиз шакли билан касалланган фуқаролар ўз хоҳишига кўра стационар шароитда даволанади.
Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири, Тошкент шаҳар ССББ ва вилоятлар ССБ бошлиқлари ва ҳудудий СЭОМ раҳбарларига қуйидаги вазифалар юклатилган:
• 2020 йил 5 июль кунидан бошлаб COVID-19 аломатсиз шакли билан касалланган беморларни белгилаб берилган схема асосида туман/шаҳарларда ташкил этилган мобил гуруҳ (СЭОМ вакили, инфекционист, УАШ) томонидан саралаш ва уйда даволаш учун етарли шароит бор деб ҳисобланган фуқароларни белгиланган тартиб асосида бирламчи тиббий-санитария тизими муассасалари назоратида 10 кун давомида уй шароитида тиббий кузатуви ва даволанишини йўлга қўйиш;
• яшаш шароити санитария-эпедимологик талабларга жавоб бермаган ҳолатларда, яккалаш имконияти бўлмаганида, беморларни COVID-19 инфекциясини даволашга мослаштирилган муассасаларга жойлаштириш;
• ҳудудий маҳалла фуқаролари йиғинлари билан ҳамкорликда уй шароитида тиббий кузатувга олинган беморларни карантин қоидаларига риоя этилиши юзасидан тегишли ишларни олиб бориш ва қатъий назорат ўрнатиш;
• 2 кун муддатда COVID-19 аломатсиз шакли билан касалланган беморларни уйда даволаш ва эпидемиологик суриштирув ўтказиш тартибини ҳар бир бирламчи тиббий санитария бўғини муассасалари (ҚВП, ҚОП, ОП, КТМП), тез тиббий ёрдам хизмати ҳамда СЭОМ ходимларига етказиб, моҳиятини ҳар томонлама тушунтириш мақсадида онлайн ўқув семинарлари ташкил этиш;
• COVID-19 аломатсиз шакли билан касалланганларнинг кунлик ҳисоботларини алоҳида олиб бориш ва тақдим этиш.
Туман/шаҳар тиббиёт бирлашмалари қошида тез тиббий ёрдам машинаси билан мобил гуруҳлар ташкил этилади. Уларнинг вазифалари қуйидагилардан иборат бўлади:
ТТБ томонидан тақдим этилган ПЗР натижалари асосида шахсий ҳимоя воситалари билан таъминланган, санитария-эпдемиология қоидаларига риоя қилинган ҳолда беморни тиббий кўрикдан ўтказиб, COVID-19 аломатсиз шаклини аниқлайди.
COVID-19 аломатсиз тури билан касалланиб, уйда кузатувга қолдирилган беморлар рўйхатини туман/шаҳар, вилоят ССБ раҳбарларига тиббий кузатув ва даволаш учун, Ички ишлар, Миллий гвардиянинг ҳудудий бўлимларига карантинни ташкил этиш учун тақдим этади.
Касаллик белгилари аниқланганида белгиланган тартибда БТСЁМ билан биргаликда зудлик билан шифохонага ётқизиш чораларини кўради.
Тиббий кўрик хулосаларини беморнинг амбулатор картасида расмийлаштирилади.
LiveБарчаси