Коронавирусда осма укол олиш зарарли ва ўлим хавфини оширади — эксперт
Жамият
−
01 Август 2020
14219Ўзбекистонда коронавирусдан вафот этганлар сони 150 нафарга яқинлашиб қолди. Ўлим ҳолатлари июль ойида кўпая бошлади.
Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Севара Убайдуллаеванинг сўзларига кўра, мамлакатда коронавирусдан ўлим даражаси ортишига одамларнинг билиб-билмай осма укол олаётгани сабаб бўляпти.
“Халқимиз осма уколларни яхши кўриши олдиндан шифокорларни қийнайдиган ҳолат. Бугунги кунда коронавирус учун осма укол керак эмаслиги тасдиқлаб келиняпти.
Сувсизланишни олдини олиш учун суюқлик керак. Халқимиз осма уколда суюқлик киритилса, яхши бўлади деб ўйламоқда. Одамлар “Олдин шамоллаганимда осма укол олгандим, яна бир марта олсам, ўтиб кетади деб ўйладим”, дейишади. Бу организмда қанчалик асорат қолдираётганини ўзлари билишмайди. Касалликнинг 6-7-кунига бориб, уларнинг аҳволи оғирлашишни бошлаяпти. Томографияга тушишяпти, ўпканинг жароҳатлангани, сув йиққанини кўришяпти. Бу даврда энди биз амбулатор шароитда ёрдам беролмаймиз”, дейди мутахассис.
Севара Убайдуллаева организм танадаги суюқликни чиқаришга улгурмаслиги оқибатида ўпка ва ҳатто юрак қобиғида ҳам сув йиғилаётганини айтиб ўтди.
“Осма уколлардан кейин, касалликнинг 5-6-кунида ўпка суюқлик йиғишни бошлаяпти, ўпка шиши келиб чиқяпти. Ҳозирги кунда ўлаётган беморларнинг ҳамма ташхисини кўринг: ўпка шишиши! Булар ўзидан-ўзи келиб чиқмаяпти. Ҳаммаси осма укол таъсири.
Буйракларимиз у суюқликн чиқариб ташлашга улгурмаяпти. Бу юрак қобиғида ҳам суюқлик йиғилишига олиб келиши, жигарни ишдан чиқариши мумкин.
Осма укол олишдан аввал албатта шифокор билан маслаҳатлашинг! Одамлар осма уколлардан воз кечса, Ўзбекистонда ўлим кўрсаткичи камаярди”, дея одамларни огоҳликка чақирди Убайдуллаева.
Маълумот учун, 1 август соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 24304 нафарни ташкил қилмоқда. Айни пайтда 14464 нафар коронавирус инфекциясига чалинган фуқаролар (59 фоиз) соғайган. Шунингдек, 143 нафар бемор вафот этган.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15