Коронавирус сабаб Токио Олимпиадаси Лондонга кўчириладими?
Олам
−
24 Февраль 2020
6476Токио-2020 ташкилий қўмитаси Олимпия ўйинлари учун кўнгиллиларни тайёрлаш жараёнини кечиктирди. Бунга бутун дунёга хавф солаётган COVID-19 коронавируси сабаб бўлмоқда, дея хабар берди ташкилий қўмита матбуот-хизмати.
Кўнгилиларни жамлаш айни кунларда амалга оширилиши кўзда тутилган эди. Аммо ташкилотчилар ҳали Олимпия ўйинларини бекор қилиш масаласини кўриб чиққани йўқ. Бир томондан Токио ҳукумати барча оммавий тадбирларни бекор қилмоқда. Шу боис ҳам 2,7 минг кишидан иборат кўнгиллилилар учун Олимпия ўйинларида ишлаш жараёнига бағишланган тренинг жорий йилнинг май ойи ёки ундан кейинроққа қолдирилади.
Бир неча кун муқаддам Лондон томони ўзларини Халқаро Олимпия қўмитасига 2020 йилги Олимпия ўйинларини ўтказиш учун альтернатив номзод сифатида кўриб чиқишни таклиф қилди. Британия пойтахти мэрлигига номзодлардан бири Шон Бэйли Японияда ҳам коронавирусдан бир неча юз киши зарар кўргани ва унинг тарқалишидан ташвишда эканини билдирди. Ўз навбатида Токио мэри Юрико Коике Шон Бэйлининг Олимпия ўйинларини Лондонга кўчириш ҳақидаги таклифига танқидий фикр билдирди.
“Бу масаладан шаҳар мэрлиги учун курашда ўз манфаатлари йўлида фойдаланиш яхши эмас”, деди Юрико Коике. Таъкидлаш жоиз, ХОҚ ҳали бу борада якуний қарорни қабул қилгани йўқ.
Эслатиб ўтамиз, Британия пойтахти бунгача 1908, 1948 ва 2012 йилларда ёзги Олимпия ўйинларини қабул қилган.
Янги коронавирус
Хитойнинг Хубэй провинцияси маркази Ухань шаҳрида ўтган йилнинг декабрь ойи ўрталарида янги вирус пайдо бўлди. Хитой Ҳукумати 31 декабрь куни Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотини мамлакатда эпидемия бошлангани ҳақида огоҳлантирди.
Коронавирус билан касалланганлар ҳозирча Хитойдан ташқари 32 давлат – Япония, Таиланд, Сингапур, Жанубий Корея, Гонконг, Австралия, Тайвань, Макао, Малайзия, АҚШ, Германия, Вьетнам, Франция, Бирлашган Араб Амирликлари, Канада, Филиппин, Буюк Британия, Россия, Италия, Ҳиндистон, Финляндия, Швеция, Шри-Ланка, Камбожа, Непал, Испания, Бельгия, Ливан, Миср, Эрон, Исроил ва Ироқда аниқланди.
Вирусдан бугунгача 2619 киши ҳалок бўлди, 79 561 киши у билан касалланди. ЖССТ янги коронавируснинг дунёга тарқалиши сабабли Жамоат соғлиғи учун халқаро хавотирга молик фавқулодда вазият жорий қилди. Бу инсоният соғлиғи учун жиддий хавф туғилганда эълон қилинадиган расмий мақом ҳисобланади. ЖССТ янги коронавирусга расман ном берди ва у COVID-2019 деб аталди.
Коронавирус бугунгача қурбонлар сони бўйича 2002 йилдаги атипик пневмония (SARS) ва 2012 йилдан бери Яқин Шарқ респиратор синдромини (MERS-CoV) ортда қолдирди. SARS`дан 8096 нафар одам касалланган, шулардан 774 нафари (ўлим даражаси 9,6 фоиз) ҳалок бўлган. MERS-CoV вирусидан 2494 нафар одам касалланиб, уларнинг 858 (ўлим даражаси 34,4 фоиз) нафари қурбон бўлган.
LiveБарчаси