Коронавирус хавфига ишонмайдиган Президент мамлакатда карантин чораларни бекор қилмоқчи
Жамият
−
20 Апрель 2020
15019Бразилия Президенти Жаир Болсонару келгуси ҳафтадан бошлаб мамлакатда коронавирус тарқалишига қарши кураш учун минтақавий ҳокимият томонидан қўйилган чекловлар олиб ташланишини кутмоқда. Бу ҳақда бугун, 20 апрель куни ТАСС ахборот агентлиги маълум қилди.
“Биз ҳали ҳам Бразилияни қайта тиклай оламиз. Умид қиламанки, бу карантиннинг сўнгги ҳафтаси. Кўп одамлар уйда қололмайди, чунки уларнинг музлатгичлари бўш“, дейди Бразилия раҳбари.
Болсонару шунингдек, сабабсиз кўчага чиққан одамларни жазолаш учун қарор чиқаришни истамаганини айтди. Унинг фикрича, одамлар уйда кўп вақт ўтиролмайдилар.
“Мен ушбу қарор чиқишига рухсат бермадим. Одамлар уйда ўтиролмайдилар. Улар ишлашлари керак. Биз уларга нисбатан бундай қила олмаймиз“, дея тушунтирди давлат раҳбари.
Болсонару бир неча бор коронавирус пандемияси билан боғлиқ равишда вилоят ҳокимияти томонидан қўлланилаётган карантин чораларини танқид қилган. Давлат раҳбари чекловлар мамлакат иқтисодиёти учун ҳалокатли оқибатларга олиб келиши, оммавий тартибсизлик ва ишсизликнинг кучайишига олиб келади, деб таъкидлади.
Бироқ, губернаторларнинг аксарияти ушбу эҳтиёт чораларини қолдирмасликка қарор қилдилар ва президентнинг позициясига зид равишда ўз вилоятларида карантин муддатини узайтирдилар. Ўтган ҳафта Бразилия Федерал Олий суди маҳаллий ҳокимият идораларининг ўз юрисдикцияларида карантин чораларини эълон қилиш ҳуқуқини тасдиқлади.
Шундан сўнг Болсонару яна вилоят губернаторларининг бу қарорларини танқид қилди. Унинг фикрича, коронавирус оқибати ҳақидаги гап сўзлар миш-миш.
“Вирус қандай оқибатларга олиб келиши ҳақида миш-мишлар тарқалди. Қўрқув ва ваҳима авж олди, аммо бу ҳақиқат эмаслигини кўраяпсиз. Ўлганлар учун афсусдамиз, аммо бу ҳаёт. Барча одам бир кун келиб ўлади“, дейди Болсонару.
Маълумот учун, Бразилияда биринчи коронавирус инфекцияси билан касалланиш ҳолати жорий йилнинг 26 февраль куни Сан-Паулуда тасдиқланди. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг сўнгги ҳисоботига кўра, бир ҳафта ичида вафот этганлар сони икки баравар кўпайди.
Эслатиб ўтамиз, Бразилия Президенти мамлакатда коронавирус билан жиддий курашаётган Соғлиқни сақлаш вазирини ишдан бўшатиб юборганди. Бунга сабаб, Бразилия Соғлиқни сақлаш вазири Мандетта ва Президент Жаир Болсонару ўртасида коронавирус сабаб келишмовчилик чиққани айтилмоқда.
Сўнгги маълумотларга кўра, Бразилияда коронавирус билан боғлиқ 39 144 та ҳолат аниқланган. Касалланганларнинг 22 130 нафари соғайган, 2 484 нафари эса вафот этган. Мавжуд беморлар сони 14 530 кишини ташкил қилмоқда.
LiveБарчаси