Коронавирус хавфи: Ўзбекистонда халқаро спорт мусобақалари ўтказиш чекланди
Спорт
−
09 Март 2020
8044Илк бор Хитойда аниқланиб, сўнгра дунёнинг кўплаб давлатларига кириб борган COVID-19 коронавируси бугун бутун дунёни таҳликага солиб турибди. Бугунга келиб вирус дунёнинг 100 га яқин давлатига кириб борди.
Мавжуд вазиятни инобатга олган ҳолда, қолаверса Ўзбекистон Ҳукумати томонидан берилган кўрсатма ва тавсиялар ижросини таъминлаш мақсадида Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигининг буйруғи қабул қилинди.
Унга кўра, Республика ҳудудида ўтказилиши режалаштирилган халқаро тадбирлар ва спорт мусобақалари вақтинча тўхтатилди. Бундан кўзланган мақсад — коронавирус эпидемиясини Ўзбекистон ҳудудига кириб келишининг олдини олиш бўлиб, буйруқ билан халқаро мусобақаларда Ўзбекистон миллий терма жамоа аъзоларининг иштироки ҳамда тизим ходимларининг хорижий хизмат сафарлари вазирлик билан келишилган ҳолда амалга оширилиши белгилаб қўйилди.
Шунингдек, спорт турлари бўйича республика спорт мусобақалари (чемпионат ва кубоклар) Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, ҳудудий спорт мусобақаларини эса ҳудудий соғлиқни сақлаш бошқармалари билан келишган ҳолда ўтказиш вазифаси юклатилди.
“Бундан ташқари, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги тизимидаги республика ташкилотлари ва жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиялари асосида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган тарғибот материалларини чоп этиш ва уларни эътибор қаратиладиган жойларга илинишини таъминлаш орқали халқимизнинг тиббий маданиятини юксалтириш ҳам кўзда тутилган”, дейилади вазирлик хабарида.
Маълумот учун, бугунгача коронавирусдан ҳалок бўлганлар сони 3 минг нафардан, у билан касалланганлар сони эса 100 мингдан ошди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь