Президент импичментдан қутулиб қолди. Ҳозирча...

Олам

Жорий ҳафтада, аниқроғи 4 декабрга ўтар кечаси 1980 йиллардан бери биринчи марта Жанубий Кореяда ҳарбий ҳолат эълон қилиниши ва бунинг оқибатида Сеул кўчаларида ҳарбий техникалар, осмонда эса вертолётлар кўриниш бериши билан бутун дунё эътибори ушбу мамлакатга қаратилганди. Ҳарбий ҳолат узоқ давом этмади. Бироқ уни эълон қилган Президент Юн Сок Ёль бунинг товонини тўлашига тўғри келмоқда.

7 декабрда Президент Юн Сок Ёль мамлакатда “сиёсий зилзила”га сабаб бўлган ҳарбий ҳолат жорий этиш қарори учун халқдан узр сўради. Бу унинг мазкур воқеалар бошланганидан кейинги биринчи омма олдида чиқиши эди. Юн Сок Ёль ўз ҳаракатлари учун жавобгарликни зиммасига олишга ва агар жазо берилса, ундан қочмасликка ваъда берди.

“Мен ҳарбий ҳолат эълон қилиш бўйича ҳаракатларим учун сиёсий ва ҳуқуқий жавобгарликдан қочмоқчи эмасман”, деди Президент.

Хўш, кореяликлар уни кечирдими? Президент узр билан қутулиб қола оладими? Президентнинг “Халқ кучи” партияси етакчиси Хан Дон Хуннинг айтишича, Юн Сок Ёлнинг ҳарбий ҳолат эълон қилиниши оқибатида юзага келган сиёсий бетартиблик учун очиқдан очиқ узр сўрагани унинг истеъфога чиқиши муқаррар эканлигини англатади.

Партия етакчисининг Президент импичменти тарафдорими ёки Юн Сок Ёль ўз хоҳиши билан лавозимидан воз кечишни хоҳлайдими? Бу ҳозирча аниқ эмас. Лекин бугун, 7 декабрда парламентда рўй берган ҳодиса иккинчисининг эҳтимоли катта эканини англатади.

Яъни парламентдаги мухолифат Президент импичментини овозга қўйганида Халқ кучи партияси депутатлари мажлислар залини тарк этди. Импичмент эълон қилиш учун Миллий Ассамблея аъзоларининг учдан икки қисми, яъни 200 нафардан кам бўлмаган депутат ушбу таклифни қўллаб-қувватлаши керак. Ҳукмрон партия аъзолари 108 ўринга эга бўлса, мухолифат вакиллари 192 ўринга эга, улардан 171 таси Демократик партия аъзолари ҳисобланади. Агар парламент импичментни қўллаб-қувватласа, ушбу қарор мамлакат Конституциявий судига якуний кўриб чиқиш учун юборилади. Ҳукмрон партия томонидан Президентга импичмент эълон қилиш бўйича овоз бериш бойкот қилиниши эса катта эҳтимол билан парламентда овоз бериш муваффақиятсизликка учрашини англатади. Бундай ҳолда қонунчилар Юннинг импичменти бўйича овоз беришлари мумкин бўлган навбатдаги сана – 11 декабрь бўлади.

Айни дамда деярли 150 минг киши Сеулда Миллий Ассамблея жойлашган Йоидо туманида Юн Сок Ёлнинг истеъфосини талаб қилган митингда қатнашмоқда. Корея Республикаси Касаба уюшмалари конфедерацияси эса митинг иштирокчилар сонини 1 миллион киши деб ҳисобламоқда.

Ўз навбатида Пойтахт марказидаги Гванхвамун майдони яқинида Президентни қўллаб-қувватловчи консерватив гуруҳларнинг параллел митинги бўлиб ўтмоқда. “Yonhap” манбаларига кўра, унинг иштирокчилари сони 20 минг кишига етади. Айни пайтда ташкилотчилар 1 миллион одам давлат раҳбарини қўллаб-қувватлаш учун кўчаларга чиққанини даъво қилмоқда.

Хуллас, олти соатга ҳарбий ҳолат эълон қилиниши оқибатида Кореяда бугун шундай сиёсий жараёнлар давом этмоқда. Воқеалар ривожини QALAMPIR.UZ’да кузатиб боринг.


Мақола муаллифи

Теглар

Жанубий Корея Импичмент Юн Сок Ёль Миллий Ассамблея

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг