Контрабанда. Яширин тортма ҳамон очилмоқда

Бизнес

Контрабанда – бу маълум бир мамлакатга олиб келиш ва олиб кетиш тақиқланган товарлар, қимматбаҳо буюмлар, валюта бойликлари ва бошқа турдаги маҳсулотларни давлат чегарасидан қонунга хилоф усулларда ўтказиш ҳисобланади. Божхонадан ўтказилмаган ёки божхона назоратидан ташқари яширинча, топиш қийин бўлган воситалар орқали ёки ҳужжатларда кўрсатилмаган моллар ноқонуний ҳисобланади. Ноқонуний ўтказиладиган мол-мулк эса контрабанда дейилади. 

Маълумотларига кўра, Ўзбекистон бюджети ноқонуний маҳсулотлардан бир йилда 50 миллион доллардан кўпроқ зарар кўради.

Давлат солиқ қўмитаси томонидан контрафкт тамаки маҳсулотларга нисбатан қай тартибда курашиляпти. Сайёр солиқ текширувлари бошқармаси бош инспектори Отабек Тангриберганов 2022 йилда бу борада қилинган ишлар ва рақамларни QALAMPIR.UZ’га маълум қилди. 

“Солиқ органлари томонидан ўтган йилда алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг ноқонуний айланмасига қарши курашиш бўйича назорат тадбирлари ўтказилди. Назорат тадбирларида 58 минг 56 дона, яъни 1 миллиард 341 миллион сўмлик алкоголь ва 65 689 қути, яъни 835 миллион сўмлик тамаки маҳсулотлари белгиланган тартибда олиб қўйилди”, дейди Отабек Тангриберганов.

Маълумотларга қараганда, қўшни Қирғизистон давлатида ноқонуний тамаки савдоси даражаси 70 фоизга ўсган. Ўзбекистонда эса Фарғона вилояти контрабанда тамаки маҳсулотлари сотилишида вилоятлар орасида етакчи бўлиб, бу ерда ноқонуний бозор ҳажми 22 фоизни ташкил этади. Андижон ва Наманган вилоятлари ҳам алоҳида ажралиб туради. Ҳаммаси Қирғизистон билан чегарага яқин. Бу, албатта, тасодиф эмас.

“Ekspert.ru” маълумотларига кўра, айнан Қирғизистон божхона тизими жозибадор марказ ҳисобланиб, ундан контрабандачилар фаол фойдаланмоқда. У ерда божхона тарифлари Ўзбекистонникидан анча паст. Ноқонуний сигареталар Қирғизистондан Ўзбекистонга гўёки транзит йўли билан олиб келинади ва охир-оқибат мамлакат ичида истеъмол қилинаверади.

Ўзбекистонга транзит орқали тамаки махсулотларини олиб кирадиган энг катта тамаки ишлаб чиқарувчиси эса “Ekspert.ru” маълумотларига кўра, бу БАА ҳисобланади.

АҚШнинг Жорж Мейсон университети қошидаги Терроризм, халқаро жиноят ва коррупцияни ўрганиш маркази маълумотларига кўра, БААнинг Дубайдаги эркин савдо зоналари дунёда ноқонуний савдо, шу жумладан сигареталар маркази ҳисобланади. Баъзи экспертларнинг ҳисоб-китобларига кўра, Дубайдаги ноқонуний сигарет ишлаб чиқарувчиларнинг умумий қуввати йилига 200 миллиард сигаретдан ортиқдир. Тадбиркорлик фаолиятининг минимал солиққа тортилиши, мажбурий ҳисоботнинг деярли тўлиқ йўқлиги ва жозибадор географик жойлашуви туфайли Дубай дунёдаги энг йирик контрабанда тамаки маҳсулотлари портига айланди.

Мамлакатда самарали таъминот тармоғи ташкил этилган ва шубҳасиз, ноқонуний тамаки тутуни Ўзбекистонгача етиб келган.

Божхона органлари томонидан ҳам божхона қонунчилиги бузилишининг олдини олишга қаратилган тезкор чора-тадбирлар мунтазам равишда кўриб борилмоқда. Масалан, 2022 йил якунида Республика ҳудудидан транзит бўлиб ҳаракатланаётган юк поездининг вагонларидан бирида қарийб 11 миллиард сўмлик тамаки маҳсулотлари топилган.

QALAMPIR.UZ жамоаси “Қўйлиқ” деҳқон бозорида кичик рейд ўтказди. Рейд натижаларига кўра, очиқ расталар контрабанда махсулотларидан ҳоли. Бироқ, йўлини қилиб бозорини қилаётганлар ҳам бор. Одатда мижоз ўзи истеъмол қилиб келган контрабандла тамаки маҳсулотини сотувчидан сўрайди ва яширин тортмалар ишга тушади. 

Шунингдек, кўчаларда, бозор ва шунга ўхшаш жамоат жойларида якка тартибда ноқонуний савдо билан шуғулланувчилар ҳали ҳам акциз маркасиз ёки яроқлилик муддати ўтган тамаки маҳсулотларини сотаётганини гувоҳи бўлишимиз мумкин. 

Аслида ҳар қандай турдаги тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш соғлиқ учун зарар, контрабандали тамаки маҳсулотларининг зарари эса сиз ва биз ўйлагандан кўра анча кўпроқ. Хуллас, жамоатчилик назорати мустаҳкамланса, тегишли ташкилотлар ўз бу борада ўз ҳаракатларини янада кучайтирса, “оловли ўчоқ”дан фойдаланишга ортиқча эҳтиёж туғилмайди!


Мақола муаллифи

Теглар

Контрабанда

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг