Конституциявий комиссия Қорақалпоғистондаги вазият бўйича расмий муносабат бериши айтилди
Жамият
−
02 Июль 2022
17414Шу кунларда Қорақалпоғистонда Ўзбекистон Республикаси Конституцияга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларни рўкач қилиб, намойишлар ўтказилаётгани юзасидан Конституциявий комиссия расмий муносабатини беради. Бу ҳақда Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари, Конституциявий комиссия матбуот котиби Одилжон Тожиев маълум қилди.
“Конституциявий комиссия аъзолари ҳам вазиятни диққат билан кузатди, тармоқда янграётган фикрларни таҳлил қилиб борди. Бир гуруҳ популистлар провакацион ҳаракатлар натижа беришидан умид қилиб, шиорбозликка берилиб, халқни кўчага чиқишга чорлади”, дейди Одилжон Тожиев.
Таъкидланишича, Конституциявий комиссия томонидан тақдим қилинган қонун лойиҳаси охир-оқибат Ўзбекистон халқининг, жумладан, қорақалпоқларнинг ҳам орзу-интилишлари ифодаси бўлади. Оммавий тартибсизлик келтириб чиқаришга уринган иғвогарлар қорақалпоқ халқининг умумий фикрини ифода қилмайди.
“Ҳужжат тор доирада муҳокама қилинмаяпти, умумхалқ муҳокамаси ўтказиляпти. Шу омилнинг ўзиёқ давлатнинг очиқлик сиёсати, ҳар бир ишда халқ фикри билан ҳисоблашишини кўрсатади. Демократия ва ошкораликни оммавий тартибсизликка айлантириш қандай оқибатларга олиб келганига ҳозир ўнлаб мисоллаб келтиришим мумкин. Лекин, шусиз ҳам ҳаммасини ҳис қилиб турибсиз, деб ўйлайман”, дея қўшича қилди комиссия вакили.
Қайд этилишича, комиссия ушбу ҳолатга доир расмий муносабатини беради.
“Биз бу вазиятга янада жиддий ёндашишимиз лозимлигини тобора равшанроқ тушунаяпмиз”, дея хулоса қилган Одилжон Тожиев.
Эслатиб ўтамиз,1 июль куни Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида айрим фуқаролар Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотларни нотўғри талқин қилиб, кутилмаганда намойишлар уюштирган эди.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳолатни Нукусда давлат бошқаруви органларини эгаллашга уриниш деб баҳолади.
LiveБарчаси