Конгресс Давлат департаментига шарт қўйди: Россия терроризм ҳомийлари рўйхатига киритилиши керак

Олам

image

Агар АҚШ Давлат департаменти Украинадаги воқеалар туфайли Россияни терроризм ҳомийси сифатида тан олмаса, бу ишни Конгресс амалга оширади. Бу ҳақда Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелоси Давлат котиби Энтони Блинкен билан телефон орқали мулоқоти чоғида сўз очган, деб хабар бермоқда “Politico” газетаси. 

Нашрга кўра, спикер ва Америка дипломатияси раҳбари ўртасидаги суҳбат шу ҳафта бошида бўлиб ўтган. Блинкен ва Пелосининг вакиллари бу маълумотга изоҳ беришдан бош тортган. 

Газетанинг эслатишича, Конгресс Давлат котибига айрим мамлакатларни АҚШнинг терроризм ҳомийлари давлатлари рўйхатига киритиш ҳуқуқини берган. Шуниси аҳамиятлики, қонун чиқарувчилар Давлат департаменти иштирокисиз ҳам буни амалга оширишга имкон берадиган ташаббус кўрсатиши мумкин эди.

“Конгресс Россияни терроризмнинг ҳомийси деб эълон қилиш тўғрисидаги қонунни самарали қабул қила олмаслиги учун ҳеч қандай қонуний асос йўқ”, дейди газета билан гаплашган манба.

“Politico” нашрига кўра, Давлат департаменти ҳозирда Эрон, Шимолий Корея, Куба ва Сурияни ўз ичига олган ушбу рўйхатга Россияни қўшишга анчадан бери шубҳа билан қараган.

“Биз киритган санкциялар терроризмнинг давлат ҳомийлари рўйхатига киритилиши билан бир хил қадамлардир”, дейган эди Давлат департаменти матбуот котиби Нед Прайс апрел ойида бўлиб ўтган брифингда.

Унинг хабар беришича, Вашингтон маъмурияти Россия ушбу рўйхатга киритиш мезонларига жавоб берадими ёки йўқлигини ўрганишда давом этмоқда. 

Шу билан бирга, бир қатор экспертларнинг фикрига кўра, Россия Федерациясининг ушбу рўйхатга киритилиши Америка шахслари учун Россия билан барча операцияларни амалда имконсиз қилади. 

Россия Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Мария Захарова аввалроқ АҚШнинг Россия Федерациясини терроризмга ҳомийлик қилувчи давлат сифатида тан олиш ташаббусини “аҳмоқона чора” деб атаганди. Дипломат бу жавобсиз қолмаслигини қайд этган.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

83

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг