Конгода Эбола қурбонлари сони қарийб 800 нафарга етди
Олам
−
14:31 340 2 дақиқа
Конго Демократик Республикасида Эбола вируси тарқалиши оқибатида вафот этганлар сони 796 нафарга етди. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) бош директори Тедрос Аданом Гебрейесус маълум қилди.
ЖССТ раҳбарининг сўзларига кўра, мазкур эпидемия мамлакат тарихидаги учинчи йирик Эбола тарқалиши бўлиб, сўнгги бир ой ичида аввалги эпидемияларга қараганда тезроқ кенгайган. Энг хавотирли вазият Конго Демократик Республикасининг Итури провинциясида кузатилмоқда.
Маълум қилинишича, янги аниқланаётган ҳолатларнинг 80 фоиздан ортиғи аввал рўйхатга олинган беморлар билан алоқада бўлганлар орасидан эмас, балки номаълум инфекция занжирлари орқали аниқланмоқда.
Маълумотларга кўра, вирус сабабли вафот этганларнинг учдан икки қисми тиббий ёрдамга мурожаат қилмаган одамлар орасида қайд этилган. Ташкилот Конго ҳукумати, Африка касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш маркази ҳамда бошқа ҳамкорлар билан биргаликда эпидемияга қарши кураш чораларини кучайтирмоқда.
Ҳозирда даволаш марказлари қуввати 800 ўриндан оширилган, лабораториялар сони эса биттадан 16 тагача кўпайтирилган. Шунингдек, 21 мингдан ортиқ тиббиёт ва жамоат ходимлари тайёрланаётгани, беморлар билан алоқада бўлган шахсларни кузатиш ишлари эса қарийб 80 фоизга етгани қайд этилган.
ЖССТ раҳбари халқаро ҳамжамиятни эпидемияга қарши кураш учун зарур маблағ ажратишга чақирган. Унинг айтишича, ташкилот ва Африка касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш марказларининг қўшма режаси учун 400 миллион доллардан ортиқ маблағ етишмаяпти.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ЖССТ Конго Демократик Республикасидаги ҳақиқий касалланиш ҳолатлари расмий маълумотлардан бир неча баравар кўп бўлиши мумкинлигини билдирган эди.
Live
Барчаси