Комилов Парламент раиси билан эшик ортида “сирлашди”
Жамият
−
06 Август 2019
3891Айни вақтда Туркияда бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бугун, 6 август куни Туркия Парламенти – Буюк миллат мажлиси раиси Мустафо Шентоп билан учрашув ўтказди. Туркия Парламенти Матбуот хизматининг ёзишича, вазир ва раис суратга тушгач, учрашувни ёпиқ эшиклар ортида ўтказишган. Улар нималар ҳақида суҳбатлашгани турк матбуотида ёритилаётгани йўқ.
Аммо Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Матбуот хизмати суҳбат қандай кечганига оид маълумотларни очиқлади.
“Учрашувда парламентлараро алоқаларнинг бугунги ҳолати ва уни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинган.
"Парламентлараро ҳамкорлик икки мамлакат ўртасидаги ўзаро муносабатларни ҳар томонлама ривожлантиришнинг қулай омили сифатида муҳимлиги таъкидланган.
Учрашувда Ўзбекистон-Туркия кун тартибидаги бошқа долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди, туризм, маданий-гуманитар, таълим ва бошқа соҳалардаги алоқаларни мустаҳкамлашга қонунчилик жиҳатидан кўмак беришга томонларнинг тайёр эканлиги тасдиқланди”, дейилади Ўзбекистон ТИВ хабарида.
Туркия Парламенти раиси Мустафо Шентоп ва Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Олий Мажлис делегациясининг Анқара шаҳрида иккинчи қўшма мажлисда иштирок этиш учун Туркияга ташрифини ташкил этиш масаласини муҳокама қилганлар.
Қонун ижодкорлиги соҳаси, парламент сайловларини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича тажриба алмашишдан томонлар манфаатдор эканлиги таъкидланган.
Комилов Туркия Буюк миллат мажлиси аъзоларини жорий йил декабрь ойида бўлиб ўтадиган Олий Мажлис ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига сайловларда кузатувчи сифатида иштирок этишга таклиф қилган.