Комилов Мирзиёевнинг мактубини Тўқаевга етказди. Унда нима ёзилган?

Жамият

image

Бугун, 18 февраль куни Нур-Султон шаҳрига амалий ташриф билан келган Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев томонидан қабул қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси ТИВ томонидан хабар берилди. 

Хабарга кўра, вазир Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаевга йўллаган мактубини топширган. 

Қозоғистон Президентининг расмий сайтига кўра, мактубда Тошкент шаҳрида “Марказий Осиё ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Қийинчиликлар ва имкониятлар” мавзусидаги халқаро конференцияни ўтказиш ташаббусини қўллаб-қувватлаш ҳақидаги илтимос баён этилган. 

Учрашув чоғида Ўзбекистон-Қозоғистон стратегик шериклик муносабатларининг бугунги ҳолати ва ривожланиш истиқболлари муҳокама қилинган. 

Ташқи савдо айланмаси кўрсаткичларини ошириш, саноат кооперациясини кенгайтириш, тадбиркорлик субъектлари ва ҳудудларнинг ўзаро алоқаларини жадаллаштириш, маданий-гуманитар тадбирларни ташкиллаштиришга йўналтирилган қўшма дастур ва лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. 

Марказий Осиёдаги ҳозирги вазият, минтақавий ҳамкорликни янада кенгайтириш ва чуқурлаштириш бўйича шаклланаётган имкониятлар, шунингдек, янги истиқболли бозорларга биргаликда кириш бўйича режалар юзасидан фикр алмашилган. 

Музокараларда томонларни қизиқтирган бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Мирзиёев Тўқаев

Баҳолаганлар

235

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг