Комилов эпидемияга қарши Марказий Осиё+Япония Ҳамкорлик дастурини ишлаб чиқишни таклиф қилди

Жамият 2163
image

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Марказий Осиё давлатлари ва Япония ўртасида эпидемиологик хавфсизликни таъминлаш ва трансчегаравий эпидемияларга қарши биргаликда курашиш масалалари бўйича Ҳамкорлик дастурини ишлаб чиқиш ва қабул қилишни таклиф қилди.  Бу ҳақда вазир бугун, 11 август куни видеоконференция шаклида “Марказий Осиё+Япония” мулоқоти ташқи сиёсат идорлари раҳбарларининг навбатдан ташқари мажлисида айтган.   

Тадбирда Япония Ташқи ишлар вазири Тосимицу Мотэги, Қирғизистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Чингиз Айдарбеков, Қозоғистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Мухтар Тлеуберди, Тожикистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддин ва Туркманистон Ташқи ишлар вазири Рашид Мередов қатнашган. 

Видеоконференция чоғида коронавирус инфекциясига қарши биргаликда курашиш ва унинг оқибатларини бартараф этиш масалалари, ҳозирги пандемия шароитида ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинган. 

Томонлар хавфли инфекцияларга ташхис қўйиш, даволаш ва уларнинг олдини олиш борасида маълумот, тажриба ва услублар алмашиш ҳамда эпидемиология соҳасидаги илмий тадқиқотлар билан бўлишиш учун Мулоқот иштирокчи давлатлари мутасадди идоралари ўртасидаги ҳамкорликнинг кўп томонлама механизмини ташкил этишнинг муҳимлигини қайд этган. 

Тиббиёт кадрларини тайёрлаш борасида алоқаларни йўлга қўйиш, фармацевтика ва дори воситаларини ишлаб чиқариш соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга оширишга қизиқиш билдирилган.

Ҳамкорликнинг юқори динамикасини ва Марказий Осиё давлатлари ва Япония иқтисодиётининг барқарор ривожланишини таъминлаш учун тегишли чораларни қабул қилишнинг зарурлиги айтилган.  Хусусан, озиқ-овқат тақчиллигини юмшатиш учун қишлоқ хўжалиги секторини қўллаб-қувватлаш масаласида сўз борган. 

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов мажлис иштирокчиларини коронавирус инфексиясига қарши самарали курашиш, аҳолининг ҳимояга муҳтож қатламларини комплекс қўллаб-қувватлаш ҳамда республика иқтисодиёти тармоқларининг барқарор ишлашини таъминлаш борасида Ўзбекистонда кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида хабардор қилган. 

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 20
Рейтинг: 3.1
t
×