Комилов АҚШда Блинкен билан музокара ўтказди

Жамият 8995
image

Жорий йил 6-9 март кунлари Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги делегация Америка Қўшма Штатларида бўлди. Ўзбекистон ТИВ раҳбари Вашингтонга ташрифи доирасида АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен билан музокаралар ўтказди. Суҳбат чоғида Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги ҳамда стратегик шериклик муносабатларининг 20 йиллиги муносабати билан ўзаро табриклар алмашилган.

Вазир Абдулазиз Комилов ва Давлат котиби Энтони Блинкен Ўзбекистон-АҚШ муносабатларининг бугунги ҳолати ва истиқболлари, минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашнинг долзарб масалалари, жумладан, қўшни Афғонистондаги гуманитар вазиятни ҳам муҳокама қилган. “С5+1” шакли доирасида минтақавий ҳамкорликнинг амалий жиҳатларига алоҳида эътибор қаратилган.

Ўзбекистон делегацияси АҚШда бўлиши давомида Америка администрацияси вакиллари, Конгресс аъзолари, ишбилармон ва илмий доиралари вакиллари билан ҳам учрашув ҳамда музокаралар ўтказган.

Америка-Ўзбекистон Савдо палатаси аъзолари билан учрашувда Ўзбекистон томони Америка ишбилармон доиралари вакилларига 2022-2026 йилларда Янги Ўзбекистонни ривожлантириш стратегиясининг асосий қоидалари, республикада иқтисодиётни тубдан ислоҳ қилиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар билан таништирдган. Тадбир давомида АҚШ компанияларининг республикадаги ислоҳотлар жараёнларида иштирокини кенгайтириш масалалари ҳам муҳокама қилинган. Бундан ташқари, жорий йилнинг 24-26 март кунлари бўлиб ўтган биринчи Тошкент халқаро инвестиция форуми (ТХИФ) ишида Америка компанияларининг кенг иштироки бўйича келишувга эришилган.

Халқаро таълим бўйича Америка кенгаши, Жорж Вашингтон университети, Техас А&М университети, Калифорниядаги Беркли университети раҳбарияти ва экспертлари билан мулоқотлар уюштирилган. Учрашувларда маҳаллий мутахассислар салоҳиятини мустаҳкамлаш мақсадида икки давлат ўртасида университетлараро ҳамкорликни кенгайтириш, академик ва илмий алмашинувларни ташкил этиш имкониятлари муҳокама қилинган.

Эслатиб ўтамиз, Стратегик шериклик мулоқотининг илк учрашуви ўтган йил декабрь ойида бўлиб ўтганди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 249
Рейтинг: 3
t
×