Комил Алламжонов коронавирусга чалинди

Жамият 15278

Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов COVID-19 коронавирус инфекцияси юқтириб олгани ва касалликдан даволанганини маълум қилди.

Комил Алламжонов ижтиомий тармоққа жойлаган видеосида касаллик унда қандай ўтгани, ундан қандай даволанганини сўзлаб берган.

“Бир неча кун олдин менда ҳарорат кўтарилиши ва ҳолсизлик сезилди. Ҳароратимни ўлчаб кўрсам, 37,1 – 37,2. Жуда ҳам ҳолсизланиб, баданимда оғриқлар пайдо бўлди. Тест топшириб кўрсак, менда коронавирус инфекцияси борлиги аниқланди.

Шундан сўнг шифокорларга мурожаат қилдим. Ўпкамни МРТ қилишди, умумий қон таҳлили топширдим. Шунга асосан, менда енгил шаклдаги коронавирус кечаётганини айтишди ва мен ўз уйимда, оила аъзоларимдан алоҳида бўлган шароитда, улардан изоляцияда бўлган ҳолда ушбу касалликни бошимдан ўтказдим”, дейди Алламжонов.

Унинг айтишича, асосан гриппга чалинганда қилинадиган муолажаларни олиш тавсия этилган. Шифокорлар маслаҳатига биноан ҳар икки соатда ҳароратини ўлчаб турган, кунига 5-6 литргача сув ичган, икки марта ҳарорати 39 даражадан ошгандагина иситмани туширувчи дори ичган.

“Кечаси ухлаганда бироз совуқ қотиб илк икки кунда қалтираш кузатилди. Аста секинлик билан шифокорлар тавсияси асосида белгиланган томоқ қизаргани учун томоқ ва бурнимни махсус суюқликда ювиб чайиб турдим”, дейди Комил Алламжонов.

Шундан сўнг, у коронавирусга оддий шамоллашдек муносабатда бўлиш тўғри эмаслиги ҳақида гапирган. Касаллик аниқланганда албатта шифокорга учраш зарурлигини таъкидлаган.

“Видеомурожаатимдан асосий мақсад шуки, жуда кўпчилик шамолладим деб ўйлаб, коронавирусга чалинганини билмай қоляпти. Мен ана шундай ҳамюртларимизга аввало ваҳимага тушмасликка ва албатта шифокор кўригидан ўтишни тавсия қиламан”, деган Комил Алламжонов.

У сўзида давом этиб, шифокор билан маслаҳатлашмай, ўзи билганча дорилар ичиш керак эмаслигини тавсия қилган. Чугки бу бошқа организмларга зарар етказиши мумкин.

“Бугун 12-кун, ўзимни яхши ҳис қиляпман. Йўтал, димоғим битиши тўхтади. Ҳарорат кўтарилиши уч кундан кейин ўтиб кетган. Лекин қисқа йўтал давом этаётганди”, дейди Алламжонов.

Комил Алламжонов видеомурожаати якунида карантин қоидаларига риоя қилишга ва турли дорилар билан ўз-ўзини даволашга уринмасликка чақирган.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 457
Рейтинг: 2.9
t
×