Комил Алламжонов қаерга кетгани маълум бўлди
Жамият
−
30 Сентябрь
66787
Аввалроқ, Президент Администрацияси Ахборот сиёсати департаментининг раҳбари лавозимидан озод этилган Комил Алламжонов фаолиятини хусусий секторда давом эттиради. Бу ҳақда у бугун, 30 сентябрь куни Президент Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич қизи – Президент ёрдамчиси Саида Мирзиёева билан учрашувда маълум қилди.
Мирзиёева Алламжоновга фидокорона хизмати ва профессионализми учун чуқур миннатдорлик билдирди ҳамда келгусидаги ҳар қандай фаолиятида ҳам омад ёр бўлишини тилади.
“Ҳурматли Саида Шавкатовна, илиқ сўзларингиз учун чексиз миннатдорчилик билдираман. Мамлакатимиз манфаати йўлида Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида хизмат қилиш имконияти ва билдирилган ишонч учун чин юракдан миннатдорман. Мен давлатимиз раҳбари белгилаб берган мақсадлар ва ғояларга содиқлигимни яна бир бор таъкидлаб ўтмоқчиман. Сиз билан бирга ишлаб, катта натижаларга эришганимиздан фахрланаман. Мен хусусий секторда фаолиятимни давом эттириб, иқтисодиётнинг муҳим соҳаларига замонавий технологиялар, инвестициялар жалб қилишни режалаштирмоқдаман. Бу орқали юртимиз равнақи ва тараққиётига ўз ҳиссамни қўшиш ниятим бор. Яна бир бор сизга катта раҳмат”, деган Комил Алламжонов.
Маълумот учун, Комил Алламжонов мамлакат сиёсий доирасидаги энг ёш амалдорлардан бири эди. У 1984 йилнинг 18 сентябрь куни Тошкентда туғилган. Илк фаолиятини Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси – “Ёшлар” телерадиоканалининг “Давр” информацион кўрсатувида бошлаган.
Унинг назарга тушиши 2005-2013 йилларда Давлат солиқ қўмитаси Матбуот хизмати раҳбари лавозимида ишлаган даври билан боғлиқ. Алламжонов 2017 йилнинг 1 декабридан 2018 йилнинг 3 октябрига қадар Ўзбекистон Республикаси Президентининг Администрацияси раҳбари ўринбосари – Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот котиби лавозимида фаолият юритган.
2018 йилнинг 29 ноябрь куни у Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори лавозимига тайинланди. 2020 йилнинг январь ойида ушбу лавозимни тарк этди ва Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик Кенгаши раиси бўлди. 2022 йил июлда эса Алламжонов Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбарининг ўринбосари лавозимига тайинланди. 2023 йил август ойида эса у Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Ахборот сиёсати департаментининг раҳбари лавозимига тайинланди ва ҳозиргача шу лавозимда ишлаб келаётганди.
LiveБарчаси
26 Ноябрь