“Коля Қирғиз”нинг 500 минг долларлик зотдор отлари мусодара қилинди
Олам
−
17 Октябрь 2023
12176Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси жиноий авторитет Қамчи Кўлбоевга тегишли зотдор отларни мусодара қилди. Уларнинг тахминий қиймати 500 минг доллардан ошган. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати хабар берди.
Унга кўра, 8 бош зотли отнинг фотосуратлари ҳам тақдим этилган. Айтилишича, қимматбаҳо отларни бир неча йил аввал Қамчибек Кўлбоев 2006 йилда ўлдирилган бошқа бир жиноий гуруҳ раҳбари Рисбек Акматбоевнинг қариндошларига тегишли отхонадан олиб чиқиб кетган.
“Уюшган жиноятчиликка қарши курашиш ва уларни молиялаштириш манбаларига чек қўйиш бўйича давлат сиёсатини амалга ошириш доирасида Қирғизистон Республикаси Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси томонидан “уюшган жиноий гуруҳда иштирок этиш” факти бўйича жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Ҳозирда жиноий йўл билан қўлга киритилган кўчар ва кўчмас мулкларни аниқлаш бўйича ишлар давом этмоқда”, дейилади хабарда.
Шунингдек, мазкур давлат сиёсатини амалга ошириш доирасида уюшган жиноий гуруҳ аъзоларининг яшаш жойида тинтув ўтказилган. Хусусан Иссиқкўл вилояти ҳудудида “Коля Қирғиз”нинг жиноий гуруҳига алоқадор шахсларнинг яшаш жойлари ҳам текширилган.
Маълумот учун, шу кунларда ижтимоий тармоқларда бир қанча қирғизистонлик криминал авторитетлар, жумладан Ўшни “назорат қиладиган” Улан Токтосунов (Сакал), Қодирбек Досонов (Дженго), Улан Барчакеев (Узун Улан), Бактибек Аманқулов, Алмазбек Эрмекбоэв ва бошқаларнинг видеомурожаатлари пайдо бўлган. Улар Қирғизистон Республикаси қонунларига риоя қилишни давом эттиришга ваъда берган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 4 октябрь куни қирғизистонлик криминал авторитет Қамчибек Кўлбоев (“Коля Қирғиз”) Бишкекда қўлга олинаётганда мамлакат Миллий хавфсизлик ходимлари томонидан отиб ўлдирилганди. Шундан сўнг, Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев Тўқмоқ шаҳрида қўмитанинг янги биноси очилишида қатнашиб, жиноятчиларга қарата “биттаси бош кўтарса, ўша бошни чопиши”ни айтганди. Евроосиё таҳлилий клуби раҳбари, халқаро сиёсатшунос Никита Мендкович эса Қамчибек Ташиев Қирғизистоннинг навбатдаги президенти бўлиши мумкинлигини прогноз қилди.
LiveБарчаси