Клопп ҳакамга айтган гаплари учун жазоланмайди
Спорт
−
21 Декабрь 2021
3916“Ливерпуль” бош мураббийи Юрген Клопп АПЛ 18-туридан ўрин олган “Тоттенхэм”га (2:2) қарши учрашув бош ҳаками Пол Тирнига айтган сўзлари учун жазоланмайдиган бўлди.
Англия футбол ассоциацияси эпизодни қайта кўриб чиқди ва немис мутахассисига нисбатан чора кўрмасликка қарор қилди. Бу ҳақда “Sky sports” нашри хабар берди.
Гап шундаки, ўйиндан сўнг Клопп Тирнига қарата: “Менда сиздан бошқа ҳакамлар билан ҳеч қандай муаммо йўқ”, деб айтган.
Германиялик мутахассис матбуот анжуманида ҳакамнинг биринчи бўлимда ҳимоячи Эндрю Робертсонни мезбонлар ҳужумчиси Харри Кейн тепгани учун майдондан четлатилмаганидан жахли чиққанини маълум қилган. Мураббий, шунингдек, Эмерсоннинг Диего Жотага нисбатан ишлатган қўполлиги учун “Тоттенхэм” дарвозасига пенальти белгиланиши керак эди, деб ҳисоблайди.
Маълумот учун, Клопп Робертсоннинг майдондан четлатилишига эътироз билдирмаган, бироқ унинг қўполлиги VAR тизимида кўрилганига ҳайрон бўлганини таъкидлаган.