КХШТ Ўзбекистонни ўз масъулиятидаги давлат эканини иддао қилди
Олам
−
06 Июль 2022
36800Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти Ўзбекистондаги вазият туфайли минтақада мураккабликларга дуч келмоқда. Бу ҳақда бугун, 6 июль куни КХШТ котибияти вакили Александр Кузнецов "Инфофорум - Сочи" IX Жанубий ахборот хавфсизлиги форумида маълум қилди.
Кузнецов сўзи аввалида Ўзбекистон КХШТга аъзо бўлмаса-да, ташкилотни Ўзбекистон ичидаги воқеаларга масъулиятли орган экани ҳақидаги иддаони айтишдан бошлади.
"Ўзбекистон КХШТ масъулияти бўлган минтақалардан бирига кирди. [Воқеаларнинг] ривожланиш прогнози олиб борилмоқда, буларнинг барчаси ўта беқарор бўлса-да, асоратлар кутилаётгани айтилади. Россия Федерацияси ва Ўзбекистон ўртасида музокаралар олиб борилаётганидан хабарингиз бор. Биласизки, орадан икки кун ўтиб, Россия Федерацияси ва Ўзбекистон ўртасида [воқеа бўйича] музокаралар бўлиб ўтди, Россия Федерацияси қўллаб-қувватлади. Буларнинг барчаси, албатта, КХШТнинг низом органлари доирасида кўриб чиқилади ва бунга ҳам муносабат билдирилади", дейди Кузнецов.
Унинг сўзларига кўра, КХШТнинг барча аъзоларига умумий таъсир, хусусан, “вазият мураккаблашиб бораётган” ахборот муҳити орқали амалга оширилмоқда.
“Кўпчилик давлатлар аллақачон таъсирнинг турли шакллари билан шуғулланувчи (ахборот муҳитида – таҳр.) ҳарбий тузилмаларни яратган”, дейди Кузнецов.
КХШТ котибияти вакилига кўра, Ўзбекистонда содир бўлган воқеаларда хорижий давлатлар вакилларининг иштирокини кузатиш мумкин.
[Ўзбекистон] конституциясига ўзгартириш киритишга уринишлар натижасида содир бўлган воқеалар ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда. Бунда нафақат ушбу мамлакат резидентлари, балки ушбу вазиятнинг салбий ривожланишига ҳисса қўшаётган бошқа давлатлар вакиллари ҳам иштирок этиши аниқ”, дейди Кузнецов.
КХШТ ва Ўзбекистон
Коллектив Хавфсизлик тўғрисидаги Шартнома (КХШ) “Тошкент пакти ёки Тошкент шартномаси” – аъзо давлатлар жойлашган минтақаларда тинчлик ва барқарорликни, халқаро ва минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш, ушбу давлатлар мустақиллиги, ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини коллективлик асосида ҳимоя қилиш шиори билан СССР парчалангач, асосан Россиянинг ташаббускорлигида 1992 йил 15 май куни тузилган халқаро минтақавий ҳарбий-сиёсий ташкилот. Ташкилотнинг олий органи Коллектив хавфсизлик кенгаши саналиб, ушбу кенгаш ташкилотнинг Бош котибини тайинлайди.
Бу ташкилотга дастлаб Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Арманистон ва Россия қўшилган. 1993 йилда Озарбайжон, Грузия ва Беларусь ташкилотга аъзо бўлган.
Коллектив Хавфсизлик ташкилоти шартномаси 1994 йил 20 апрелдан бошлаб кучга кирди. Имзоланган шартнома беш йилга мўлжалланган бўлиб, уни узайтириш ҳам мумкин эди. 1999 йилда Озарбайжон, Грузия ва Ўзбекистон шартномани узайтиришдан бош тортди ва КХШТ аъзолигидан чиқди. Бироқ орадан яна 7 йил ўтиб, 2007 йил ўтказиладиган Ўзбекистон Президенти сайлови олдидан 2006 йил Тошкент ташкилотга қайта қўшилди ва 2012 йилда чиқиб кетди.
LiveБарчаси