КХШТ хавфсизлик кафолати сифатида ўз аҳамиятини намоён қилмоқда – Тўқаев
Олам
−
28 Ноябрь
1600Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) иштирокчи давлатлар учун хавфсизлик кафолати сифатидаги ўз аҳамиятини намоён этаётганини таъкидлади. Бу ҳақда у бугун, 28 ноябрь куни Остона шаҳрида ўтаётган КХШТ саммитида сўз очди.
“Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти Евросиёнинг улкан ҳудудида тинчлик ва барқарорликни таъминлашнинг асосий тузилмасига айланди. Ҳозирги замон таҳдидлари шароитида КХШТ барча иштирокчи давлатлар учун хавфсизлик кафолати сифатида ўз аҳамиятини доимий равишда намоён қилиб келмоқда”, деди Тўқаев.
Президентнинг сўзларига кўра, давлатларнинг ўзаро мувофиқлашган ҳаракатлари, ишонч ва қўллаб-қувватлаш муносабатлари энг мураккаб ва кенг кўламли вазифаларни ҳал қилишда жамоавий қобилиятни мустаҳкамламоқда.
“Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, КХШТ нафақат ҳарбий ҳамкорлик, балки суверенитет ва давлатларимиз ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилиш йўлида бизнинг куч ва ресурсларимизни бирлаштирувчи ноёб механизмдир”, деди Қозоғистон Президенти.
Қайд этилиш жоиз, 2022 йилги январь воқеалари фонида КХШТ Коллектив хавфсизлик кенгаши Қозоғистондаги вазиятни нормаллаштириш учун мамлакатга коллектив тинчликпарвар кучларни юборишга қарор қилганди.
КХШТнинг бугунги саммитида қатнашмаётган Арманистон эса ташкилотнинг икки давлати 2020 йилда Қорабоғдаги ҳарбий амалиётлар вақтида Ереванга эмас, Бакуга ёрдам берганини даъво қилиб келади.
Маълумот учун, КХШТ Коллектив хавфсизлик кенгаши сессияси бугун, 28 ноябрь куни Остона шаҳрида бўлиб ўтмоқда. Унда Россия, Қозоғистон, Беларусь, Қирғизистон ва Тожикистон етакчилари иштирок этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Арманистон Бош вазири Никол Пашинян Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида бўлиб ўтадиган Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти саммитида қатнашмаслиги хабар қилинган эди. Арманистон Бош вазири Никол Пашинян 2024 йил февраль ойида мамлакатнинг КХШТдаги иштироки музлатилганини эълон қилганди. Март ойида у агар Ереван иттифоқдошларининг Арманистон суверен ҳудуди қаерда жойлашгани ва КХШТ масъулият зонаси қаерда эканлиги ҳақидаги қарашларидан қониқмаса, иттифоқдан чиқишга рухсат берган.
LiveБарчаси