КХШТ Арманистон-Озарбайжон тўқнашуви бўйича йиғилиш ўтказади

Олам

image

Бугун, 13 сентябрь куни озар-арман чегарасидаги вазиятнинг кескинлашуви муносабати билан Арманистон сўровига кўра Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотининг Коллектив хавфсизлик кенгашининг видеоконференцалоқа шаклидаги йиғилиши бўлиб ўтади. Бу ҳақда Россия Президентининг халқаро масалалар бўйича ёрдамчиси Юрий Ушаков маълум қилди.

“Арманистон томонининг илтимосига кўра, бугун соат 18:30да ҳозир вақт келишиб олинмоқда, аниқки, КХШТ Коллектив хавфсизлик кенгашининг видеоконференция форматида йиғилиши бўлиб ўтади. Арманистоннинг Арманистон-Озарбайжон чегарасида вазиятнинг кескинлашуви муносабати бўйича сўрови сабаб”, дейди Ушаков журналистларга.

Сешанбага ўтар кечаси Арманистон-Озарбайжон чегарасида жанговар ҳаракатлар бошланди, томонлар бир-бирини вазиятни кескинлаштиришда айбламоқда.

Баку арман ҳарбийлари Озарбайжон қўшинларининг чегарадаги позицияларини ўққа тутгани, тўқнашув бўлганини маълум қилди. 
Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги Арманистон тинчлик жараёнини бузиш ниятида эканини маълум қилди. Ҳар икки томон ўз ҳарбийлари орасида қурбонлар борлигини маълум қилди.

Эрталаб томонлар ўт очишни тўхтатишга келишиб олди.

Қорабоғ уруши

Озарбайжон ва Арманистон 2020 йил айнан Қорабоғ ҳудуди масаласида ўзаро ҳисоб-китоб қилиб олди. Иккинчи Қорабоғ уруши ёки “Ватан муҳорабаси” номи билан тарихга кирган ҳарбий тўқнашувлар 2020 йилнинг 27 сентябрь куни бошланиб, 44 кун давом этди. 2020 йилнинг 9 ноябридан 10 ноябрга ўтар кечаси “Тоғли Қорабоғда ўт очишни тўхтатиш ҳақида”ги баёнот имзоланди. Уруш якунларига кўра, Туркия қўлловидаги Озарбайжон ғалаба қилди. Россиянинг ёрдамига умид қилган Арманистон эса мағлубиятга юз тутди. 

Ҳарбий салоҳияти бўйича дунёда 11-ўринда турувчи Туркия Қорабоғ урушида фаол тарзда Озарбайжонни ҳам руҳий, ҳам сиёсий, ҳам ҳарбий жиҳатдан қўллади. Аслида, Туркия Биринчи Қорабоғ урушидан бери Озарбайжонни қўллаб келади. 2010 йилда икки давлат ҳарбий ҳамкорлик борасида стратегик шерикликка эришгач, ушбу қўллов амалий кўриниш касб эта бошлади. Шундан сўнг, Туркия Озарбайжон Қуролли Кучлари учун зобитлар тайёрлаб, ушбу давлатга қурол экспорт қилиш бўйича Россия ва Исроилдан сўнг учинчи ўринга чиқди. Айниқса, ўтган 2020 йилда қурол экспорти 6 баробарга ортиб кетди. Тоғли Қорабоғдаги тўқнашувлар олдидан эса бу икки давлат ўзаро ҳарбий дала ўқув машғулотларини ўтказди. Машғулотлар якунида Туркия Озарбайжонда 2 та F-16 қирувчи самолётини ҳам қолдиргани айтилади. Туркияда ишлаб чиқарилган “Bayraktar” учувчисиз ҳарбий аппаратларининг ҳам Озарбайжон ғалабасини таъминлашдаги ўрни юқори бўлди.

44 кунлик уруш якунларига кўра, Озарбайжон армияси мамлакатнинг 5 шаҳри, 4 та посёлка ва 286 та қишлоғини арман босқинчиларидан озод қилди. Озарбайжон Қуролли Кучларининг 2, 9 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчиси ўз она юртларини озод қилиш учун курашда ҳалок бўлди.


Мақола муаллифи

Теглар

КХШТ

Баҳолаганлар

29

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг