КХДРда автокўргазма баҳонасида бой харидорлар яширинча текширилмоқда
Олам
−
01 июл 1383 3 дақиқа
Шимолий Корея расмийлари Пхеньяндаги йирик автомобиль кўргазмаси ниқоби остида Ижтимоий хавфсизлик вазирлигига машина сотиб олиш истагида бўлган потенциал харидорларнинг молиявий манбаларини яширинча текширишни топширди. Бу ҳақда Жанубий Кореянинг Daily NK нашрига КХДР пойтахтидаги манба маълум қилган.
Унинг сўзларига кўра, июнь ойи ўрталарида чиқарилган директивада Ижтимоий хавфсизлик вазирлигига кенг кўламли автомобиль кўргазма-савдоси муносабати билан тўлиқ кўмаклашиш ва пухта ташкилий ишларни олиб бориш буюрилган. Тадбир иккита савдо компанияси томонидан ўтказилмоқда: улардан бири Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлигига, иккинчиси эса Миллий разведка агентлигига бўйсунади. Илгари Давлат хавфсизлик вазирлиги сифатида машҳур бўлган ушбу идора КХДРнинг ички хавфсизлик ва контрразведка бўйича асосий органи бўлиб қолмоқда ҳамда давлат учун валюта тушумини таъминлайдиган савдо фирмалари тармоғини назорат қилади.
Кучишлатар тузилмаларга харидорларни кузатиш буюрилган. Асосий босқичи июль ойига режалаштирилган савдолар арафасида Хвасон тумани хавфсизлик бошқармаси автосалон атрофида хавфсизликни кучайтириш ҳамда бўлажак харидорларнинг шахси ва маблағлари манбасини яширинча аниқлаш бўйича кўрсатма олган. Расмийлар, афтидан, олдиндан катта қизиқиш ва шов-шув бўлишини сезиб, вазирликка кузатув чораларини тайёрлашни топширган.
Манбанинг маълумотларига кўра, кўргазмага бириктирилган кучишлатар тузилмалар ходимлари орасида норозилик кайфияти тарқалган. Ходимлар давлат ташкилотининг пул ундириш тадбирида шунчаки “эшик оғаси” ролига тушириб қўйилганидан шикоят қилган. Шу билан бирга, уларнинг бир қисми тадбирни назорат қилганликлари учун норасмий тўловлардан ёки битимга кўз юмишни истовчи харидорларнинг пораларидан наф кўришни пинҳона умид қилмоқда.
Қайд этилишича, КХДРда шаклланаётган хусусий тадбиркорлар ва бадавлат савдогарлар синфи – “тончжу”лар норасмий ёки ноқонуний каналлар орқали тўплаган валюталари сабабли жуда эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилмоқда: улар харид амалга оширилса, пулларининг келиб чиқиши ҳақида саволлар туғилишидан хавфсирамоқда.
Манбанинг айтишича, кўргазманинг ўзи оддий автосалон эмас, балки юқори лавозимли амалдорлар ва “тончжу”лар қўлидаги валютани тортиб олиш, шу билан бирга, илгари норасмий бўлган автомобилларни тақсимлаш бозорини давлат назорати остига ўтказиш мақсадини кўзлаган кенг кўламли акциядир.
Кўргазма жорий йилнинг 19–28 июнь кунлари Пхеньяннинг Хвасон туманидаги автосалонда бўлиб ўтган. Янги импорт қилинган машиналар қаторида Хитойнинг Zeekr 7X электромобили, шунингдек, минилган люкс тоифасидаги автомобиллар бор. Расмийлар олдиндан буюртмаларни тўғридан тўғри тадбирнинг ўзида қабул қилган, савдоларни эса июль ойида бошламоқчи. Миллий разведка агентлигининг савдо компаниялари янги ва минилган ҳашаматли машиналар партиясини аллақачон чегарадан ўтказиб бўлган.
Июль ойидан бошлаб нашр манбаси автомобиль атрофидаги бозорнинг шиддат билан кенгайишини кутмоқда – Пхеньяннинг асосий нуқталарида, маркази Хвасон туманида бўлган эҳтиёт қисмлар етказиб бериш ва таъмирлаш салони тармоқлари очилади.
Daily NK ёзишича, кун кечириш учун зўрға маблағ топаётган оддий шимолий кореяликлар учун нархи ўн минглаб доллар турадиган автомобиллар мавжуд бўлган автосалон мутлақо эришиб бўлмас нарсадир. Кўргазма ва бўлажак савдолар фақат имтиёзли ҳамда бой қатлам учун мўлжалланган воқеа сифатида қабул қилинмоқда.
Live
Барчаси