КХДР Жанубий Кореянинг таклифини кескин рад этди
Олам
−
28 Июль 10157 2 дақиқа
Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Иннинг синглиси, Марказий қўмита бўлим бошлиғи ўринбосари Ким Ё Чжон Жанубий Корея янги Президенти Ли Чжэ Мён томонидан билдирилган музокараларни тиклаш ҳақидаги таклифларни қатъиян рад этди. Бу ҳақда Корея марказий ахборот агентлиги хабар берди.
Бу Шимолий Кореянинг Жанубий Кореяда июнь ойида иш бошлаган янги Президент маъмуриятига биринчи расмий муносабати бўлди. Ким Ё Чжоннинг баёноти Шимолий Корея ҳозирда Россия билан ҳамкорликни кенгайтиришга эътибор қаратганини ва Жанубий Корея ҳамда АҚШ билан дипломатик алоқаларни тиклаш ниятида эмаслигини кўрсатган.
Сеул томонидан кескинликни юмшатиш учун бир қанча чоралар кўрилган – чегарадаги овоз кучайтиргичлар орқали трансляциялар тўхтатилган, ташвиқот шарларининг учирилиши чекланган, денгиздан қутқариб олинган 6 нафар КХДР фуқароси қайтариб юборилган. Бироқ Ким Ё Чжоннинг таъкидлашича, бу ҳаракатларнинг барчаси Пхеньян учун ҳеч қандай маъно касб этмайди.
“Сеул қандай сиёсат юритмасин, қандай таклифлар бермасин, бу бизни қизиқтирмайди. Учрашиш учун сабаб ҳам, муҳокама қилишга арзигулик масала ҳам йўқ”, деган Марказий қўмитаси бўлим бошлиғи ўринбосари.
У Жанубий Корея Президенти ташаббусларини “муносабатларни нормаллаштиришга қаратилган самимий уриниш” сифатида баҳолаган бўлса-да, уларнинг моҳиятда аввалги ҳукуматлардан фарқи йўқ деб ҳисоблаган. Айниқса, Шимолий Корея анъанавий тарзда таҳдид сифатида қабул қиладиган Жанубий Корея ва АҚШнинг бўлажак қўшма ҳарбий машғулотлари Пхеньянни норози қилган.
Шунга қарамай, айрим таҳлилчиларнинг фикрича, Россия ва Украина ўртасидаги уруш якунига етгач, агар Шимолий Корея Россия билан яқин ҳамкорликни сақлаб қололмаслигини англаб етса, Пхеньян ўз ташқи сиёсат йўналишини ўзгартириши мумкин.
Маълумот учун, Жанубий Корея Президенти Ли Чжэ Мён Пхеньян билан бузилган алоқаларни тиклашга чақирганди. Ли яриморолда “тинчлик ва бирга яшаш”ни мустаҳкамлаш учун президентликка киришганидан сўнг Шимолий Корея билан мулоқот ўрнатишга ҳаракат қилишини айтди. У Шимол билан “барқарор, узоқ муддатли муносабатлар” зарурлигини таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Корея Халқ Демократик Республикаси (КХДР) етакчиси Ким Чен Ин Ғарб давлатларига кескин огоҳлантириш билан чиққанди. Унинг айтишича, агар АҚШ ва унинг иттифоқчилари Россияга қарши ҳужум қилса, Шимолий Корея Қуролли кучлари зудлик билан ҳаракатга ўтади. Кимнинг таъкидлашича, бу Пхеньяннинг муқаддас бурчи ҳисобланади.
Live
Барчаси