КХДР Жанубий Кореяни ҳаво ҳудудини бузишда айблади

Олам

image

Корея Халқ Демократик Республикаси (КХДР) расмийлари Жанубий Кореяни мамлакат ҳаво ҳудудини бузишда айблади. Бу ҳақда Марказий Корея телеграф агентлиги хабар берди. 

Манбага кўра, 4 январь куни КХДР Жанубий Корея томондан чегарани кесиб ўтган учувчисиз учиш аппаратини аниқлаган. Радиоэлектрон кураш воситалари ёрдамида дрон мажбуран КХДР ҳудудига қўндирилган. Ҳарбийлар маълумотига кўра, учувчисиз аппарат кузатув ускуналари билан жиҳозланган бўлиб, муҳим объектларни тасвирга олиш вазифаси билан тахминан уч соатлик парвозга дастурланган. 

“Дроннинг мақсади КХДРнинг муҳим объектларини суратга олишдан иборат эди. Ушбу видеоматериаллар бу дрон кузатув ва разведка мақсадида республикамиз ҳаво ҳудудини бузганини кўрсатувчи аниқ далилдир”, дейилади хабарда.

Дрон хотирасидан КХДР ҳудуди устида олинган, умумий давомийлиги етти дақиқага яқин бўлган видеоёзувлар топилган. КХДР Бош штаби мазкур ҳодисани Сеул томонидан олиб борилаётган разведка фаолияти ва провокацион ҳаракатларнинг навбатдаги исботи сифатида баҳолаб, Жанубий Кореяда ҳокимият алмашганига қарамай, бундай ҳаракатлар давом этаётганини таъкидлаган. 

“Корея Республикасида КХДР билан ўзаро мулоқотни тиклаш зарурлиги ҳақида баланд овозда гапиришмоқда, аммо бизга қарши провокацион ҳаракатларни яширинча амалга оширишни тўхтатишмаяпти”, дейилади хабарда. 

Жанубий Корея томони маълумотига кўра, 2025 йилда Шимолий Корея томонидан чегарани бузиб ўтиш билан боғлиқ қарийб 10 та ҳолат қайд этилган. Расмийлар бундай ҳодисалар чегарани қайта белгилашни тақозо этишини айтган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Япония Денгиз хавфсизлиги хизмати Корея Халқ Демократик Республикаси (КХДР) томонидан яна бир эҳтимолий ракета учирилганини аниқлаганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Жанубий Корея КХДР

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг